Термиз туманида шартномавий режа уддаланди
Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани пахтакорлари мамлакатимизда биринчи бўлиб, хомашё топшириш бўйича шарномавий режани ортиғи билан бажарди.
Деҳқончилик учун об-ҳаво ноқулай келиб, сув танқислиги кузатилган йилда тумандаги фермер ва кластер хўжаликлари илғор хорижий тажрибаларни қўллаб, ҳосилдор навлар ҳамда замонавий агротехнологиялардан самарали фойдалангани ютуқлар омили бўлди. Пешқадам туман миришкорлари шартномавий режани 103,4 фоизга бажариб, шу кунгача 10 минг 984 тонна сифатли хомашё топширди.
Жорий йил пахта ҳосили учун 2 минг гектардан ортиқ майдонда ғўза парваришлаган пахтакорлар ҳар гектар майдондан ўртача 53-55 центнердан сифатли ҳосил олди. "Жаҳонгир Баҳористон", "Қорахон Янгиариқ", "Умр", "Бахриёр Янгиариқ Сурхон", "Зуҳриддин Намуна", "Шароф Моҳинур" каби фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластери гектаридан 80 центнергача хирмон кўтарди.

Қисқа кунларда йиллик режани бажарган туманда йиғим-терим қизғин давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири