Fitch Ratings Ўзбекистон банк тизимидаги ислоҳотларни қайд этди
Халқаро “Fitch Ratings” рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимида сўнгги икки йилда амалга оширилган ислоҳотлар соҳанинг ўрта муддатли истиқболини яхшилаганини маълум қилди.
Агентлик тақдим этган таҳлилда банк назоратини такомиллаштириш, давлат банкларини хусусийлаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш борасидаги ўзгаришларга баҳо берилган.
Мутахассислар банк тизимининг фаолият муҳити бўйича баҳосини “b” даражадан “b+” даражага кўтарган. Бунда, айниқса, банк назорати соҳасидаги ислоҳотлар муҳим омил бўлган.
Таҳлилда давлат банкларини хусусийлаштириш ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири экани таъкидланган. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, 2030 йил охирига қадар бешта банкни хусусийлаштириш кўзда тутилган бўлиб, бу жараённи 2027 йилдан бошлаш режалаштирилган.
Агентлик депозитлар ҳажмининг ўсиши банкларнинг молиялаштириш имкониятларини яхшилаётганига ҳам эътибор қаратган. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ярмида депозитлар йиллик ҳисобда 27 фоизга кўпайган. Натижада кредитларнинг депозитларга нисбати 2021 йил охиридаги 209 фоиздан 2026 йил биринчи ярми якунида 136 фоизгача тушган.
Материалда 2026 йил январь ойида жорий этилган капитал талаблари ҳамда ликвидлик меъёрларининг Базель III стандартларига яқинлаштирилиши банк тизими барқарорлигини ошириши қайд этилган. Шунингдек, 2026 йил июнь ойидан кучга кирган исломий банк фаолияти тўғрисидаги қонун ушбу сегментнинг босқичма-босқич ривожланишига туртки бериши кутилмоқда.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА