Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши бошланди
Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган “Термиз мулоқоти”нинг иккинчи йиғилиши бошланди.“Тинчлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусида ўтаётган форум 4–6 июнь кунлари Тошкент, Термиз ва Самарқанд шаҳарларида давом этади.
Анжуманда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Осиё–Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Америка давлатларидан 150 дан ортиқ сиёсатшунос, эксперт, дипломат, халқаро ташкилот ва бизнес доира вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси, шунингдек, қатор нуфузли таҳлил маркази ва халқаро институтлар делегацияси ҳам бор.
[gallery-29782]
Тадбир очилишида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоев сўзга чиқиб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги мулоқот ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш бугунги геосиёсий шароитда тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
– Термиз мулоқоти доирасида шаклланган ўзаро англашув муҳити амалий ечимлар ишлаб чиқиш ва бутун Евроосиё маконида узоқ муддатли барқарор тараққиётга хизмат қилувчи йирик лойиҳаларни илгари суришга ёрдам беради, – деди Бахромжон Аълоев.
[gallery-29783]
Шунингдек, форумда сўзга чиққан БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каҳа Имнадзе бугунги глобал беқарорлик шароитида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масаласи фақат инфратузилма ёки транспорт йўлаклари билан чекланмаслигини таъкидлади.
Унинг фикрича, ўзаро боғлиқлик, аввало, сиёсий ишонч, барқарор ҳамкорлик ва умумий манфаатлар асосидаги мулоқот демакдир. Шу маънода Марказий ва Жанубий Осиё тарихан ўзаро чамбарчас боғланган макон ҳисобланади.
– Термиз, Самарқанд, Мозори Шариф ва Ҳирот каби шаҳарлар асрлар давомида савдо, илм-фан ва дипломатия марказлари бўлиб келган. Бугунги вазифа ана шу тарихий мантиқни замонавий шароитда давом эттиришдан иборат, – деди БМТ вакили.
У шунингдек, иқтисодий ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарларга қарши қўшма чоралар ишлаб чиқишни асосий устувор йўналишлар сифатида қайд этди.
Форум дастуридан сиёсий мулоқот ва иқтисодий боғлиқлик, иқлим ўзгариши ва экологик барқарорлик, маданий-гуманитар ҳамкорлик, транспорт-логистика йўлаклари, минтақавий хавфсизлик ва Афғонистон билан ҳамкорлик масалаларига бағишланган ялпи ва тематик сессиялар ўрин олган.
Муҳокамаларда Афғонистон – Ўзбекистон – Покистон йўналишидаги ҳамкорлик, минтақавий ишончни мустаҳкамлаш, ёшлар дипломатияси ва барқарор ривожланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мулоқот доирасида иштирокчилар Термиз шаҳрига ташриф буюриб, “Айритом” халқаро савдо маркази ҳамда “Termez Cargo Center” логистика хаби фаолияти билан танишади. Мулоқотнинг якуний қисми Самарқанд шаҳрида ўтказилиб, унда делегациялар Самарқанднинг цивилизацион мероси ва тарихий аҳамияти билан яқиндан танишади.
Тадбир якунида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ишонч ва барқарор ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма Коммюнике қабул қилиниши режалаштирилган.
Дилшод Ҳакимов,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА