Термиз давлат университетида янги ректор иш бошлади
Термиз давлат университетида бўлиб ўтган йиғилишда техника фанлари доктори, профессор Авазжон Мараҳимов университет ректори этиб таништирилди.
Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар илм-фан ютуқларидан оқилона фойдаланиб, кадрлар тайёрлаш сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда юртимизнинг турли ҳудудларида олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари ташкил этилиб, малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қоплашга эътибор кучайтирилаётгани қайд этилди.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятида ҳам олтита олий таълим муассасаси фаолият юритиб, воҳада эҳтиёж сезилаётган кадрлар тайёрланмоқда. Биргина Термиз давлат университетидаги 13 та факультетда 22 мингдан ортиқ талаба ўзи танлаган касб сирларини чуқур эгаллаётир. Уларга мингга яқин профессор ва ўқитувчилар таълим-тарбия бермоқда.
Термиз давлат университети ректори А.Мараҳимов ўтган йиллардаги иш фаолияти давомида қатор масъул вазифаларда ишлаган. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, Халқ таълими вазири лавозимларида хизмат қилган.

Авазжон Мараҳимов ушбу тайинловга қадар Мирзо Улуғбек номли Тошкент давлат Миллий университети ректори лавозимида фаолият юритаётган эди.
Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқуловлар сўзга чиқди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири