"Аичи–Нагоя–2026": Ўзбекистон параспорти тарихидаги энг юқори чўққи
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида нуфузли мусобақа – V Параосиё ўйинлари ниҳоясига етди. Ушбу йирик спорт анжуманида қитъамизнинг 45 та мамлакати вакиллари 18 та спорт тури бўйича муросасиз баҳс олиб борди.
Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 11 та спорт тури бўйича маҳорат кўрсатди. Параспортчиларимиз 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза, жами 145 та медални қўлга киритди. Эътиборлиси, бу Ўзбекистон делегациясининг Параосиё ўйинлари тарихидаги энг яхши ва рекорд кўрсаткичи бўлди.
Ушбу юксак зафар халқимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлаши муқаррар. Бу муваффақият мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилаётганини, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг миллати, дини, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланаётганини яққол намоён этди.
Юртимизда халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши, эзгу мақсадларини рўёбга чиқариши, буюк келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшларимизнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиб, ўз иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар ва зарур шароитлар яратилган.

Бу жараёнда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва спорт билан шуғулланишига доимий эътибор қаратиб келинмоқда.
Ҳаёт синовларини мардонавор енгиб, кўзлаган мақсади сари дадил қадам ташлайдиган, иродаси мустаҳкам, сабр-тоқат ва матонат бобида кўпчиликка ўрнак бўладиган бундай инсонларнинг саъй-ҳаракатлари ва эришаётган натижалари ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
“Параосиё–2026” мусобақаларида Ўзбекистон спортчиларининг шижоати ва ғалабага бўлган юксак ишончи улар эришган натижаларда ёрқин акс этди. Матонатли вакилларимиз Ватан шарафини ҳимоя қилиш ва унинг обрў-эътиборини юксалтиришдек эзгу мақсад ҳамда фарзандлик бурчини чин дилдан адо этдилар.
Спортчиларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириб, Параосиё ўйинларида муносиб қатнашиши учун барча шарт-шароит муҳайё қилинди.

Японияда ўтган мазкур нуфузли мусобақада қирқдан зиёд мамлакатдан фақат 31 тасининг спортчилари шоҳсупага кўтарилган бўлса, шундан 22 давлат вакилларигина олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, бор-йўғи 7 та давлат вакилларининг жами медаллар сони 100 тадан ортди.
Улар орасида эса Ўзбекистон делегацияси 45 та олтин жамғариб, юқори поғоналардан жой олди. Бу натижа ва ютуқлар мамлакатимизда спортни ривожлантириш борасида давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган доимий эътибор, истеъдод соҳиблари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг амалий самарасидир.
Спортчиларимизнинг пара енгил атлетика баҳсларида эришган натижалари алоҳида таҳсинга лойиқ. Ушбу спорт тури бўйича нафақат қитъамизда, балки жаҳонда етакчилардан бири сифатида эътироф этиладиган вакилларимиз 20 та олтин, 21 та кумуш ва 23 та бронза медални қўлга киритиб, бу эътироф бежиз эмаслигини яна бир бор исботладилар.



V Параосиё ўйинлари якунида спортчилар томонидан 81 та Осиё ва 27 та жаҳон рекорди ўрнатилди. "Айти–Нагоя–2026" Параосиё ўйинларида жами 108 та жаҳон ва Осиё рекорди янгиланди. Ўзбекистон вакиллари мусобақа давомида турли спорт турлари бўйича жаҳон, Осиё ва Параосиё ўйинларининг 15 дан ортиқ рекордини янгиладилар ва янгиларини ўрнатдилар.
Умуман олганда, Ўзбекистон паралимпиячилари V Параосиё ўйинларида ўз маҳорати ва матонатини тўла намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.
Комплекс спорт мусобақаларида спортчиларимиз қўлга киритган медалларни сарҳисоб қилиш, эришилган натижаларни аввалги кўрсаткичлар билан қиёслаш доимо муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бу галги Параосиё ўйинларида делегациямиз ўз тарихидаги энг юқори натижани қайд этгани ўтган мусобақалардаги иштирокимизга яна бир бор назар ташлашга ундайди.

Ўзбекистон делегациясининг Параосиё ўйинларидаги иштирокига назар ташласак, йиллар давомида салмоқли ўсиш динамикасига гувоҳ бўламиз. Масалан, 2010 йилги Гуанчжоу ўйинларида терма жамоамиз бор-йўғи 6 та (1 олтин, 2 кумуш, 3 бронза) медаль билан чекланган бўлса, 2014 йилда Инчхонда 31 та (22 олтин, 5 кумуш, 4 бронза), 2018 йили Жакартада 70 та (21 олтин, 24 кумуш, 25 бронза) ҳамда 2022 йилги Ханчжоу мусобақаларида 71 та (22 олтин, 18 кумуш, 31 бронза) медаль қўлга киритилган эди.
V ёзги Параосиё ўйинлари эса делегациямиз учун алоҳида саҳифа очди. Спортчиларимиз 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза (жами 145 та медаль) билан умумжамоа ҳисобида фахрли учинчи ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич Ўзбекистон параспорти тарихидаги энг юқори натижа бўлиб, спортчиларимизнинг юксак маҳорати ва ғалабага бўлган интилишининг ёрқин ифодасидир.
Умид қиламизки, бу муваффақиятлар келажакдаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, 2028 йили АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтадиган Паралимпия ўйинларида ва 2030 йили Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказиладиган VI Параосиё ўйинларида бундан-да юксак зафарларга замин яратади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА