Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар Самарқанд давлат чет тиллар институтида учрашув ўтказди.
Учрашувда институт профессор-ўқитувчилари ва талабалар, партия фаоллари иштирок этди.

“Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова бу йилги сайловларнинг ўзига хос хусусиятлари, айни пайтда партиянинг ушбу жараёндаги иштироки, мақсад ва вазифаларига эътибор қаратди. Учрашув қатнашчиларининг асосий қисми таълим соҳаси вакиллари бўлгани учун партиянинг мазкур йўналишдаги ишлари ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, партиянинг ўтган Сайловолди дастурида таълим соҳасида муҳим ўзгаришлар ва ислоҳотлар учун бир қатор таклифлар илгари сурилган. Масалан, партия фракцияси ташаббуси билан ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича 2024 йил 1 февралда Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Қонунда педагоглар ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун уларнинг ҳуқуқлари қатъий белгилаб қўйилди.

Янги сайловолди дастурида ҳам таълим соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш бўйича бир қатор мақсадлар илгари сурилаётгани қайд этилди.
– Ҳар бир педагог, таълим соҳаси вакили жонкуяр, фидойи шахс, – деди Робахон Маҳмудова. – Уларнинг ўз билим ва маҳоратини доимий равишда ошириши, ҳақ-ҳуқуқлари, ижтимоий муҳофазасини таъминлашда партия доимий елкадош бўлади. Бизнинг электоратимиз орасида кўпчиликни ташкил этадиган тиббиёт соҳаси ходимларини ҳам фаол қўллаб-қувватлаймиз, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича зарур чоралар кўрамиз. Умуман, биз келгусида таълим ва тиббиёт соҳаси вакилларининг жамиятдаги мавқеини янада кўтариш ва шу орқали уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсий партия бўлишда давом этамиз.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар – Елена Компольщик, Нилуфар Сулейманова сўзга чиқиб, партия ҳамда ўз сайловолди дастурлари ҳақида маълумот берди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири