Тендер савдоларида камчиликлар аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “2024 йил 1-ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва 2-ярим йилликдаги устувор вазифалар”га бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда бошқарма бошлиғи Анвар Муҳаммадиев сўзга чиқиб амалга оширилган ишлар, келгусида белгиланган устувор вазифалар тўғрисида маълумот берди.

Таъкидланганидек, бошқарма томонидан 2024 йил 6 ой давомида жами 128,2 миллиард сўмлик 530 та танлов (тендер) савдоларида ўрганишлар ўтказилган бўлиб, шундан 119,6 миллиард сўмлик 526 та танлов(тендер) савдолари ёки 99,2 фоизида 534 та камчиликлар аниқланган. Ушбу аниқланган қонун бузилишлар юзасидан 41 та буюртмачига мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди ва барча буюртмачилар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли суд органларига юборилган.
Шунингдек, 1 та буюртмачига нисбатан савдоларда рақобат қонунчилиги бузилиши ҳолати юзасидан иш қўзғатилиб, 256 миллион сўм жарима қўлланилган.

– 2024 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида табиий монополия субъектлари томонидан қарийб 7 миллиард 444 миллион сўм ортиқча олинган даромадлар аниқланди ҳамда ушбу маблағларни қайтариш бўйича кўрсатмалар берилди, – дейди А.Муҳаммадиев. – Жумладан, “Иссиқлик манбаи” ДУК газ таъминоти корхонаси томонидан корхонанинг Учқудуқ филиали истеъмол қилган табиий газ ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари орқали ҳисоб-китоб қилинмаётганлиги, шунингдек, тармоқларидаги йўқотишларни қўшиб ҳисоблаётганлиги юзасидан мурожаат қилган эди. Ўрганиш давомида “Иссиқлик манбаи” ДУКга газ таъминоти корхонаси тармоқларидаги йўқотишларни ҳисобланиши натижасида 2 миллиард 423 миллион 376 минг сўм ортиқча тўлов ҳисобланганлиги аниқланди. Шунингдек, “Иссиқлик манбаи” ДУКга “Навоий ИEС” АЖ томонидан 2020-2022 йилларда иссиқлик энергиясини иссиқлик таъминоти корхонаси учун белгиланган нархда эмас, балки аҳоли ва улгуржи нархларда ҳисоб-фактура тақдим этиб келганлиги аниқланиб, шу йиллар давомида 4,5 миллиард сўм ортиқча маблағ олинганлиги аниқланди.
Бошқарма томонидан 7 та туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда 3 та маҳаллий давлат бошқаруви органларида қабул қилинаётган ҳуқуқий-норматив ҳужжатлари “ех-пост” усулида ўрганилди.
Ўрганишлар жараёнида 2024 йил январь-июнь ойларида туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан қабул қилинган (қарор, фармойиш, баённома ва х.к.) ҳужжатлар “Рақобат тўғрисида”ги қонунга мувофиқлиги юзасидан 17692 та, шундан, 1947 та қарор, 1554 та йиғилиш баёни, 1723 та фармойиш, 12468 та чиқиш хатлари хатловдан ўтказилди. Шунингдек, ҳокимликларнинг regulation.gov.uz порталида муҳокама учун қўйилган қарорлари мунтазам равишда ўрганиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида 10 та қарор лойиҳасига тегишли хулоса берилди.
Бошқарма томонидан товар хом-ашё биржаларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларнинг қўйилиши ва сотилиши юзасидан ҳам мониторинг ва назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Жорий йил 1-ярим йилликда 12 та корхона томонидан 13 турдаги 759,5 минг тонна маҳсулот 2 триллион 737 миллиард 230,3 миллион сўмга сотилган.
Аммо мониторинг давомида “Кармана мой инвест” МЧЖ томонидан биржа савдоларига мажбурий равишда қўйилиб сотилиши керак бўлган маҳсулотлар (пахта ёғи, шрот ва шелуха)ни тасдиқланган жадвалларга асосан қўймаганлиги аниқланган. Натижада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил хабардор қилиниб, корхонада текширув ўтказилган. Якунда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилиб, қонунбузилиш ҳолати бартараф этилди.
Шунингдек, режага асосан зарур турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан парранда гўшти, тухум, пахта ва ўсимлик ёғи, ун маҳсулотлари, қолипли нон, шакар, қадоқланган сут ҳамда мол гўшти бўйича ўрганиш олиб борилиб, натижалари юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар туман(шаҳар) ҳокимликларига киритилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташқи реклама бозори соҳасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ишчи гуруҳлари томонидан Навоий шаҳридаги давлат тилига зид бўлган 1003 та, “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига зид бўлган 1716 та ёзувлар бартараф этилди. Шунингдек, Кармана туманида ташқи реклама ва ахборот объектларини хатловдан ўтказиш жараёнида 83 та реклама қонунчилиги талабларига зид бўлган ташқи реклама воситалари аниқланиб, уларнинг 67 таси жойида (демонтаж қилиш орқали) бартараф этилди ва 16 та тадбиркорлик субъектларига туман ҳокимлиги томонидан огоҳлантиришлар берилди.
Шу билан бирга, Кармана туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган ноқонуний ўрнатилган 5 та ташқи реклама объектларини мажбурий тартибда демонтаж қилиш бўйича қарор қабул қилинди.
Матбуот анжуманида соҳа вакиллари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири