“Темурийлар” танловнинг мамлакат босқичига боради
Андижон машинасозлик институтида “Амир Темур издошлари” республика интеллектуал танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилоят бўлими, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган танловда умумий ўрта таълим муассасаларининг 7-11-синф ўқувчиларидан тузилган, танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган ўн олтита жамоа иштирок этди.
Ўқувчи- ёшларнинг Амир Темур ҳаёти ва фаолияти, унинг давлатчилик сиёсати, олиб борган бунёдкорлик ишлари ҳақидаги билимларини бойитиш, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, қолаверса, ўқувчилар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган танлов иштирокчилари белгиланган шартлар асосида ўзларининг билимларини синовдан ўтказди.
[gallery-17250]
Икки тур доирасида ўтказилган интеллектуал баҳс давомида иштирокчилар Бўрибой Аҳмедовнинг “Амир Темур”, Нурали Қобулнинг “Қалб қасрининг султони”, Жумабой Раҳимовнинг “Адолат ва қудрат тимсоли”, Марсел Брионнинг “Менки, Соҳибқирон – Жаҳонгир Темур”, Ҳамдам Содиқовнинг “Амир Темур салтанатида хавфсизлик хизмати” тарихий романлари ҳамда Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драмаси асосида тузилган ёзма ва оғзаки саволларга жавоб қайтарди.
Якуний натижаларга кўра, Андижон туманидаги 10-давлат ихтисослаштирилган мактаб -интернатнинг “Темурийлар” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Қўрғонтепа туманидаги 50-умумтаълим мактабининг “Парвоз” жамоаси иккинчи, Булоқбоши туманидаги 55-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг “Эрудит” жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар интеллектуал танлов ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари