Темурийлар мероси: тарихдан тараққиёт сари
Мамлакатимизда миллий ўзликни англаш, тарихий адолатни қарор топтириш ҳамда аждодларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даври давлатчилик мактабини тадқиқ этиш Янги Ўзбекистон пойдеворини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Амир Темур ва темурийлар даври мероси: давлатчилик, ҳарбий санъат, илм-фан ва маънавий тараққиёт феномени” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан ажралиб турди.
Мазкур анжуман Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ўтказилгани унинг нуфузини янада оширди. Илмий мулоқот майдонида Тошкент, Наманган ва бошқа вилоятлардан келган таниқли олимлар, тарихчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Шунингдек, ZOOM платформаси орқали масофавий иштирок этган экспертлар республика миқёсидаги илмий ҳамжиҳатликни намойиш этди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Амир Темур шахси адолат ва қудрат уйғунлигининг юксак намунаси сифатида таҳлил этилди. Соҳибқироннинг давлат бошқарувидаги мукаммал тизими, ҳарбий стратегияси ва илм-фанга бўлган беқиёс ҳомийлиги бугунги ислоҳотлар жараёнида ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди. Хусусан, Амир Темурнинг 27 давлатни ягона сиёсий маконда бирлаштиргани ва бу билан инсоният тамаддунида янги даврни бошлаб бергани тарихий далиллар асосида кўрсатиб ўтилди.
Тарихий манбаларга кўра, темурийлар даврида марказлашган бошқарув ва қонун устуворлиги давлат барқарорлигининг бош мезони бўлган. Самарқанд ва Ҳирот каби кентлар нафақат сиёсий, балки жаҳон илм-фани ва маданиятининг марказларига айлангани шўъба йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинди.
— Бугунги анжуман тарихни шунчаки ёдга олиш эмас, балки ундан сабоқ чиқаришга қаратилгани билан қадрлидир, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилояти бўлими раҳбари Иқболой Умарова. — Амир Темур ва темурийлар даври — юксак маънавият, илмга садоқат ва адолатли давлатчилик мактабидир. Ушбу руҳни ёшлар онгига сингдириш Янги Ўзбекистоннинг маънавий таянчини янада мустаҳкамлайди.
[gallery-28636]
Шўъбаларда манбашунослик, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар ва Бобурийлар даври адабий мероси каби йўналишларда кечган баҳс-мунозаралар илмий фикрлар хилма-хиллигини намоён этди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур илмий-амалий анжуман тарихий хотирани замонавий тафаккур билан уйғунлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Глобаллашув шиддат билан кечаётган даврда бу каби тадбирлар миллий ўзликни асраш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ишончли маънавий компас бўлиб хизмат қилади.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари