Темурийлар даври ренессанси
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Темурийлар даври ренессанси” номли маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир Амир Темур ва Темурийлар даврининг бой тарихий меросини чуқур ўрганиш, унинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини кенг тарғиб этиш, ёшлар онгида миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик ва тарихий хотирага ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.


Унда Амир Темур шахсининг нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон тарихидаги беқиёс ўрни, унинг давлат бошқаруви, адолат ва тартиб-интизомга асосланган сиёсати бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолаётгани қайд этилди.
Шунингдек, тадбир давомида илмий-амалий йўналишдаги маърузалар тингланди. Тадбир доирасида иқтидорли талаба-ёшлар томонидан эришилган ютуқлар ҳам эътироф этилиб, турли танлов ва лойиҳалар ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.


Бадиий қисмда талабалар томонидан “Соҳибқироним” номли шеърий композиция ижро этилди. Шунингдек, Амир Темур ҳамда Тўхтамишхон ўртасидаги тарихий воқеалар асосида саҳналаштирилган театрлаштирилган чиқиш намойиш этилди.
Мазкур саҳна кўриниши орқали тарихий воқеалар жонли тасвирда ёритилиб, томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Гулноза Бобоева, ЎзА