“Темурийлар академияси” – ўқувчиларнинг севимли маскани
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида жорий ўқув йилида фаолият бошлаган “Темурийлар академияси” нодавлат ҳарбийлаштирилган ўрта таълим муассасаси 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллиги арафасида янгидан қуриб фойдаланишга топширилди.
Уч қаватли таълим муассасасининг умумий лойиҳа қиймати 12 миллиард сўмни ташкил этиб, банк кредит маблағлари эвазига янгидан қуриб битказилди. “Темурийлар академияси” да ўқувчиларнинг замонавий билим олишлари учун барча зарур шароит яратилган. Муассаса 2 миллиард 500 миллион сўмлик ўқув қуроллари, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, интернет тармоғига уланган компьютер жамланмалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган. 630 ўринга мўлжалланган ушбу таълим даргоҳида айни пайтда таҳсил олаётган, ҳозирда қишки таътилдаги 200 нафар ўқувчига 30 нафар малакали педагог ва ҳарбий билимга эга устозлар сабоқ бермоқда. Аниқ ва гуманитар фанларни чуқурлаштириб ўқитишга иқтисослашган мазкур мактабда рус ва ўзбек синфлари мавжуд бўлиб, ўқувчиларга инглиз тили асосий хорижий тил сифатида ўргатилади.
[gallery-5424]
– Мақсадимиз, ўқувчиларни аввало ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, ҳар томонлама етук, билимли, жисмонан баркамол авлод этиб, юртимизга садоқатли ўғил-қизлар қилиб камол топтиришдир, – дейди таълим муассасаси директори Азиза Маджитова. – Мақсадимиз, республика, халқаро, Осиё ва жаҳон миқёсидаги турли спорт мусобақаларида мактабимиз юртимиз номидан муносиб иштирок этишини таъминлаш.
Мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари ойига 800 минг сўм, юқори синф ўқувчилари 1 миллион 100 минг сўмдан ойлик тўлов тўлайди. Таълим муассасасида 150 ўринли ётоқхона, шунча ўринли ошхона, кутубхона ҳамда спорт зали ва очиқ спорт мажмуаси ҳам мавжуд. Мактабда фан, санъат, меҳнат ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Бошланғич синф ўқувчиларининг ментал арифметика тўгараги эса ҳамиша гавжум.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА