Темир йўл атрофида ободонлаштириш ишлари давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида темир йўл атрофида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Айни пайтда вилоят ҳудудидан ўтган темир йўл атрофлари чиқиндилар ва ноқонуний қурилмалардан тозаланмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик объектлари шаҳарсозлик ҳамда хавфсизлик талабларига мувофиқлаштирилиб, эски деворлар ўрнига замонавий тўсиқлар барпо этилмоқда.
[gallery-30593]
Танишув Наманган шаҳридаги Нурафшон маҳалласидан бошланди. Маҳалла аҳли темир йўл атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга оширди. Президент Халқ қабулхонасининг вилоят ва шаҳар бўлимлари вакиллари ҳам ҳашарда фаол иштирок этди.
Вилоят ҳокими Наманган шаҳри – Поп тумани йўналишидаги темир йўл бўйида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.
Шунингдек, Наманган шаҳри, Давлатобод, Наманган, Тўрақўрғон ва Чуст туманларида ҳафта давомида бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда ишларни жадаллаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА