“Солиқ ҳамкор” самараси ортиб бормоқда
Жиззах вилоятида “Солиқ ҳамкор” автоматлаштирилган дастури орқали жамоатчилик назорати тобора фаоллашиб, солиқ интизомини мустаҳкамлаш, иқтисодий муносабатларда очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда.
Хусусан, нохолис савдо ҳолатлари ҳамда харид чеки берилмаслигига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг фаол иштироки натижасида қонунбузилишларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш борасида муҳим натижаларга эришилмоқда.
Жорий йилнинг 22 июль ҳолатига кўра, “Солиқ ҳамкор” автоматлаштирилган дастури орқали Жиззах вилояти бўйича жами 2544 та мурожаат келиб тушган.

Уларни ўрганиш натижаларига кўра, 1829 та мурожаат ўз тасдиғини топган. 660 та мурожаат рад этилган бўлса, яна 55 таси ҳозирда белгиланган тартибда ўрганилмоқда.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида қатор қоидабузарликлар аниқланган. Жумладан, берилмаган харид чеклари суммаси 730 миллион 700 минг сўмни ташкил этган. Шунингдек, кирим қилинмаган товарлар суммаси 9 миллиард 480 миллион сўм экани маълум бўлган.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилиб, жами 9 миллиард 680 миллион сўм миқдорида молиявий жарима белгиланган.

Мутахассислар таъкидлаганидек, берилмаган ҳар бир харид чеки хуфиёна иқтисодиётнинг ортишига, давлат бюджетига тушиши лозим бўлган маблағларнинг яширилишига сабаб бўлади. Шу боис ҳар бир харидда чек талаб қилиш нафақат истеъмолчининг қонуний ҳуқуқи, балки иқтисодиётда очиқлик ва адолатни таъминлашга қаратилган муҳим фуқаролик масъулияти ҳамдир.
Фуқаролар харид жараёнида қонунбузилиш ҳолатларига дуч келса ёки харид чеки берилмаганига гувоҳ бўлса, “Солиқ ҳамкор” автоматлаштирилган дастури орқали мурожаат йўллаб, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ва шаффоф иқтисодий муҳитни қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири