“Темир дафтар”дан чиқаришда кўзбўямачилик кетмайди
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасида “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида 4-сектор томонидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатувчи журналистлар, блогерлар, давлат органлари ахборот хизмати вакиллари иштирок этди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Шукурулло Нисбатхонов Президентимизнинг жорий йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоят мисолида “маҳаллабай” ишлашнинг янги тизими жорий қилиниб, у ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.
Уч босқичдан иборат бўлган мазкур тизимнинг моҳияти ҳамда ҳар бир гуруҳда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида тушунтириш берилди. Шунингдек, 4-сектор вакиллари томонидан хонадонма-хонадон юриб, “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Сектор ҳудудидаги 222 та маҳалла фуқаролар йиғинида 164 минг 953 та хонадон бўлиб, уларда 842,9 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан ўтган давр мобайнида 142 минг 759 та (87 фоиз) хонадон ўрганилиб, уларда 12 минг 942 та муаммо борлиги аниқланди. Мисол учун, 7 мингдан ортиқ хонадонда ишсизлик муаммоси, 5 минг 935 тасида эса имтиёзли банк кредитига эҳтиёж мавжуд. Ишчи гуруҳи томонидан кўрилган чоралар натижасида ҳозирга қадар ишсизларнинг 4 минг 26 нафари ишга жойлашиши таъминланди.
Бундан ташқари, “маҳаллабай” ишлаш тизими асосидаги ўрганишлар натижасида норасмий равишда ишлаб келаётган 613 нафар фуқаронинг тадбиркорлик фаолияти қонунийлаштирилишига кўмак кўрсатилди. Бундан ташқари, 21 та тадбиркорга 813,4 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағларини олишда амалий ёрдам берилди.
Матбуот анжуманида маҳаллаларни “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилганлиги, хусусан, бугунги кунга қадар маҳаллаларни ривожлантириш бўйича чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик каби йўналишларда 5 минг 935 та лойиҳа асосида “маҳалла драйверлари” аниқланганлиги таъкидлаб ўтилди.
– Иссиқхона қуриб бериш, субсидия ажратиш кабилар билан эҳтиёжманд оилалар “Темир дафтар”дан тезда чиқиб қолмайди, – дейди Ш.Нисбатхонов. – Уларнинг доимий даромад манбаини топиб беришимиз керак. Шу боис ҳам секторимизда мазкур масалага жиддий эътибор қаратганмиз. Маҳаллий кенгаш депутатлари уларни дафтардан чиқариш масаласини тизимли таҳлил қилиб бормоқда. Бунда асло кўзбўямачиликка йўл қўйиб бўлмайди.
Қизғин баҳс-мунозаларга бой бўлган матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
[gallery-2126]
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат), ЎзА