“Темир дафтар”даги 78 фуқарога моддий кўмак берилди
Самарқанд шаҳар Илмобод маҳалласида яшовчи М.Қодированинг фарзанди К.Саитов бетоб бўлиб қолди.
Она бемор боласини тегишли мутахассисларга кўрсатди, тиббиёт муассасаларига олиб борди, даволатди. Лекин ташхис ва якуний хулоса беморда мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлигини тақозо этди. Операция учун эса жуда кўп бўлмаса ҳам, маблағ зарур. Оилада бунга имконият йўқ.
Шунда М.Қодирова операция учун пул сўраб ҳокимлик ва бошқа идораларга мурожаат қилди. Шу тариқа маблағ ажратиш масаласи халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши сессияси кун тартибига киритилди. Кенгаш қарори билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд шаҳар бўлинмаси қошида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан К.Саитовни даволатиш учун 16,5 миллион сўм ажратилди.
– Мурожаатим ижобий ҳал қилинганидан хурсандман. Бу давлатимиз томонидан юритилаётган инсонпарвар сиёсат натижаси деб биламан, – дейди М.Қодирова.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлимидан маълум қилишларича, жорий йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида яшовчи, “Темир дафтар”да рўйхатда турган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож 78 нафар фуқарони моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Жумладан, соғлигини тиклаш ва даволаниш билан боғлиқ харажатларга 337 миллион сўм, моддий ёрдам учун 41,9 миллион сўм йўналтирилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА