“Темир дафтар”даги 1 минг 197 та оилага қуёш панеллари бепул ўрнатилади
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш мамлакатимиз энергетика сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда. Айниқса, қуёш энергетикасидан фойдаланиш нафақат электр таъминоти барқарорлигини ошириш, балки аҳоли учун энергия харажатларини камайтириш имконини ҳам беряпти.
Бу борада ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни замонавий энергия манбалари билан таъминлашга қаратилган ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда.
Шундай лойиҳалардан бири - Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Саудия Арабистонининг “Acwa” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ёрқин хонадон” ижтимоий лойиҳаси. Ташаббуснинг навбатдаги ва якуний босқичи бошланиб, унда “Темир дафтар”га киритилган 1 минг 197 та кам таъминланган оилага қуёш панеллари бепул ўрнатилади.
Янги босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Бухоро вилоятларини қамраб олади. Оилалар рўйхати ҳудудлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда “Темир дафтар” реестри асосида шакллантирилади.
Энергетика вазири Шерзод Хўжаевнинг таъкидлашича, лойиҳа аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш вазифаларини бирлаштиради.
–Бугун юртимизда аҳолини ишончли ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш билан бир қаторда, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ёрқин хонадон” лойиҳаси эса бу икки муҳим вазифани уйғунлаштиргани билан аҳамиятли. У эҳтиёжманд оилалар ва ижтимоий соҳа объектларига қуёш энергиясидан фойдаланиш имконини бериб, уларнинг электр энергияси харажатларини камайтиришга хизмат қилади, – деди Ш.Хўжаев.
Лойиҳанинг аввалги босқичларида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилган. Хусусан, Сурхондарё, Бухоро, Тошкент, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 1 580 та оила ҳамда 334 та ижтимоий соҳа объекти, яъни мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ва қишлоқ врачлик пунктлари қуёш панеллари билан таъминланган.
“Acwa” компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Жон Заидийнинг қайд этишича, лойиҳада самарадорлиги юқори бўлган қуёш панелларидан фойдаланиш билан бирга, аҳоли учун қўшимча иқтисодий имкониятлар ҳам яратилади.
–Қайта тикланувчи энергия манбалари барқарор келажакнинг муҳим асосларидан биридир. “Ёрқин хонадон” лойиҳаси доирасида ишончли ва самарадорлиги юқори бўлган қуёш панелларидан фойдаланилмоқда. Бу ташаббус эҳтиёжманд оилалар ва ижтимоий объектларнинг электр энергияси харажатларини камайтириш билан бирга, уларга ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиш орқали қўшимча даромад олиш имконини ҳам беради, – деди Жон Заидий.
Якуний босқичнинг амалга оширилиши натижасида “Ёрқин хонадон” лойиҳаси 3 100 дан ортиқ оила ва ижтимоий соҳа объектини қамраб олади. Шу тарзда ташаббус эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг энергия харажатларини қисқартириш ва “яшил” энергетикани ривожлантиришга қаратилган амалий механизмлардан бири сифатида давом этади.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, “Acwa” компанияси Ўзбекистонда 2019 йилдан буён фаолият юритади. Компания мамлакат энергетика тармоғидаги асосий инвесторлардан бири бўлиб, унинг узоқ муддатли устувор ривожланишини қўллаб-қувватламоқда. Ҳозирда Ўзбекистон “Acwa” учун инвестициялар ҳажми бўйича Саудия Арабистонидан кейин иккинчи бозорга айланган.
Компания мамлакатда умумий қуввати 13,9 ГВт ва умумий инвестициялар ҳажми 16,5 миллиард АҚШ долларига тенг 19 та лойиҳани амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳалар шамол ва қуёш энергетикаси, энергия сақлаш тизимлари, анъанавий генерация ҳамда яшил водород йўналишларини ўз ичига олади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА