Тошкент – глобал аграр мулоқот марказида (+видео)
Пойтахтимизда Халқаро пахта куни ҳамда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган анжуман давом этмоқда.
Глобаллашув даврида иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги ва логистика муаммолари фонида ўтказилаётган ушбу тадбирларда агросаноатнинг келажаги ва соҳани комплекс трансформация қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Пахтачиликка бағишланган сессияларда тупроқ унумдорлигини қайта тиклашга қаратилган қишлоқ хўжалиги, биочар технологиялари ва маҳсулотларни рақамли кузатиш тизимларини жорий этиш масалалари асосий кун тартибидан ўрин олди.
Шунингдек, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган ўлкаларда агроозиқ-овқат тизимларини ривожлантириш ва транспорт-логистика тўсиқларини енгиб ўтиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон учун бу йиғин фақат мезбонлик эмас, балки халқаро тажрибани ўрганиш ва глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш, илғор ёндашувларни миллий амалиётга татбиқ этиш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдонидир.
Фардона Яхшибоева,
Анвархўжа Аҳмедов (видео),
ЎзА