Тель-Авивдаги сайлов участкасида овоз берамиз
Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар тобора яқинлашмоқда. Ўзбекистонда номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари, партияларнинг дебатлари, баҳс-мунозаралари давом этмоқда.
Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар тобора яқинлашмоқда. Ўзбекистонда номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари, партияларнинг дебатлари, баҳс-мунозаралари давом этмоқда.
Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги тизимида хорижий элчихона ва ваколатхоналарда ҳам сайлов куни чет элда бўлган фуқаролар учун овоз бериш имконияти яратилди. Жумладан, Исроилда, аниқроғи Ўзбекистоннинг бу мамлакатдаги элчихонасида 44-сонли сайлов участкаси ташкил этилган. Бу ерга шу йил 22 декабрда бўладиган сайловга оид маълумотлар, тарғибот плакатлари, номзодларнинг таржимаи ҳоли, дастурлари қўйилган.


Миграция хизмати маълумотига кўра, Исроилда бугун 6 минг Ўзбекистон фуқароси расман рўйхатдан ўтиб ишламоқда. Сайлаш ҳуқуқига эга бўлганлар рўйхатини шакллантирилган. Улар депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлар билан таништирилмоқда. Сайлов куни уларнинг овоз беришлари учун барча шароит яратилган. Сайловчилар тўлиқ хабардор қилинган. Исроилнинг бошқа шаҳарларида яшаётган ҳамюртларимиз учун муддатидан олдин овоз бериш имкони ҳам мавжуд.
Мутасаддиларнинг айтишича, сайлов куни сайловчиларга байрамона дастурхон ташкил этилади. “Шарқ юлдузлари” болалар ансамбли вакилларининг концерт дастури намойиш этилади, ош дамланади.
Исроилдаги ўзбекистонликлар сайловда иштирок этиш нафақат қонуний ҳуқуқлари, балки ватан билан уларни боғлаб турувчи муҳим воқелик эканлигини таъкидлашмоқда.
Муҳаммаджон ОБИДОВ,
Тель-Авив, Исроил