Теҳрон Вашингтон билан келишувга эришиш учун янги ташаббусни илгари сурди
Эрон томони Қўшма Штатлар унинг талабларини бажарган тақдирда, икки кун ичида Ҳурмуз бўғозида хавфсизликни тиклаш ҳамда дипломатик музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини маълум қилди.
Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди. Ушбу баёнот Вашингтон ва Теҳрон ўртасида навбатдаги эҳтимолий ҳарбий кескинлашув фонида янгради. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоийнинг таъкидлашича, Теҳрон сентябрь ойида таклиф этилган етти кунлик режани амалга ошириш муддатини эзгу ният белгиси сифатида икки кунгача қисқартирган.
Мулозимнинг сўзларига кўра, АҚШ зарур қарорларни қабул қилса, қисқа муддат ичида бўғозда хавфсизликни таъминлаш ва музокаралар жараёнини бошлаш имконияти пайдо бўлади.
Шу билан бирга, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён ўз маъмурияти муаммоларни мулоқот йўли билан ҳал этиш тарафдори эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, мамлакат олий раҳнамоси Мужтабо Хоманаий ҳукуматга дипломатик ечимларни излаш учун тегишли ваколатлар берган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса Қатар ва Покистон воситачилигида олиб борилаётган маслаҳатлашувлар жуда фаол тус олганини маълум қилди. У Эроннинг мудофаа ва дипломатия соҳасида ҳаракат қилишга тайёрлигини яна бир бор таъкидлаб, АҚШ томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай янги ҳарбий кескинлашувга янада кескин ва оғир жавоб қайтарилишини билдирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА