Театрлар фаолияти таҳлил этилиб, устувор вазифалар белгиланди
Маданият вазирлигида Республика театрлари томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда йилнинг иккинчи ярмида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишга маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев раҳбарлик қилди. Унда Республика театрлари директорлари, бош режиссёрлари, бадиий раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда театр санъатини янада ривожлантириш, ижодий жараёнларни такомиллаштириш, репертуар сиёсатини замонавий талаблар асосида шакллантириш ҳамда театрлар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир давомида театрларнинг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти таҳлил қилиниб, репертуар режаларининг бажарилиши, спектакллар намойиши, томошабинлар қамрови ва ижодий лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати кўриб чиқилди. Шунингдек, театрларнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, хорижий театрлар ва ижодий жамоалар билан тажриба алмашишни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда давлат буюртмаларини шакллантириш ва улар бўйича таклифлар тайёрлашда асар мавзусининг долзарблиги, ғоявий-бадиий қиммати ва томошабинга таъсирчанлиги муҳим мезон бўлиши лозимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ижодий лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ молиявий харажатларни шаффоф, аниқ ва асосланган тарзда шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Муаллифлик ҳуқуқларини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Хусусан, давлат театрлари томонидан муаллифларга тегишли фоиз тўловларини ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек, Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси билан белгиланган тартибда шартномалар тузиш зарурлиги таъкидланди.

Театрларнинг молиявий фаолияти юзасидан ҳам муҳим кўрсаткичлар таҳлил қилинди. Жумладан, театрлар томонидан ишлаб топилаётган маблағлар, томошабинлар сони, спектакллар намойиши кўрсаткичлари ҳамда амалдаги тартибга мувофиқ ажратилиши лозим бўлган маблағлар ҳолати кўриб чиқилди.
Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти битирувчиларини театрлар тизимида иш билан таъминлаш, ёш мутахассисларни ижодий жараёнларга кенг жалб этиш, улар учун муносиб меҳнат ва ижодий муҳит яратиш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.
Шунингдек, театрлар фаолиятида замонавий аудитория билан ишлаш, ижтимоий тармоқларда фаолликни ошириш, спектакллар ва ижодий лойиҳаларни кенг тарғиб қилиш орқали томошабинлар қамровини кенгайтириш муҳим вазифалардан бири эканига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш якунида театрлар фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ижодий ва молиявий интизомни мустаҳкамлаш, репертуар сиёсатини такомиллаштириш, замонавий ва долзарб саҳна асарларини яратиш, томошабинлар учун сифатли театр маҳсулотларини кўпайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу асосда Республика театрлари томонидан 2026 йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар юклатилди.
Белгиланган чора-тадбирлар театрларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, соҳа фаолиятида самарадорлик ва шаффофликни таъминлаш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ижодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА