Маданий мерос бўйича очиқ мулоқот бўлиб ўтди
Жиззахнинг ҳар бир гўшасида кечмишнинг бир парчаси бор. Қадим тепаликлар, асрлар силсиласидан омон қолган меъморий обидалар, зиёратгоҳлар, музейларда асралаётган ноёб ашёлар — буларнинг барчаси халқнинг кечаги куни ҳақида сўзлайди. Аммо бу мерос борасида билишнинг ўзи кифоя эмас. Уни асраш, келажак авлодга бутун ҳолича етказиш ва бу бойликдан эл манфаати йўлида оқилона фойдаланиш ҳам катта масъулиятдир.
Жиззах вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда Ғаллаорол тумани “Узунбулоқ” МФЙ ҳудудидаги Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳида ўтказилган очиқ мулоқотда ана шу масъулиятнинг амалий ифодаси, соҳадаги ютуқ ва муаммолар ҳақида сўз борди.
Очиқ мулоқотда фуқаролар, журналистлар, блогерлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларига вилоятда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш ва улардан фойдаланиш борасида 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар хусусида ахборот берилди.
Рақамларга мурожаат қилсак, Жиззах вилоятида 432 та маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг 159 таси маҳаллий, 273 таси республика аҳамиятига эга. Вилоятда 268 та археология, 100 та архитектура ва 59 та монументал ёдгорлик қайд этилган. Энг кўп объект Зомин туманида — 109 та, Ғаллаорол туманида — 71 та, Бахмал туманида — 68 та ва Шароф Рашидов туманида — 50 та.
Бу шунчаки статистика эмас. Ҳар бир рақам ортида муайян тарих, муайян ҳудуд ва муайян масъулият турибди. Айниқса, объектларнинг техник ҳолати бу борада жиддий ўйлашга ундайди. 268 та археология объектининг 68 таси яхши, 160 таси қониқарли, 41 таси авария ҳолатида. 100 та архитектура ёдгорлигининг 36 таси яхши, 34 таси қониқарли, 30 таси авария ҳолатида. Демак, асраш масаласида фақат бугунги ҳолатни қайд этиш эмас, эртанги кунни ҳам ўйлаш зарур.
Шу боис 2026 йилнинг ўтган даврида давлат муҳофазасига олинган 155 та моддий маданий мерос объектида хатлов, мониторинг ва назорат ўрганишлари ўтказилди. Объектларнинг техник ҳолати, муҳофаза ҳудудлари, ер участкалари чегаралари, ноқонуний қурилиш ва бошқа рухсатсиз ишлар мавжудлиги ўрганилди. Муҳими, ушбу тадбирлар давомида ноқонуний қурилиш, объектларга шикаст етказиш, ўзбошимчалик билан реконструкция қилиш ёки бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмади.
[photobank-30843]
Бу яхши натижа. Аммо бу ҳолат хотиржамликка асос бўлмаслиги керак. Зеро, тарихий обидага зарар етказилгандан кейин уни тиклаш кўпинча уни асл ҳолича сақлашдан анча қийин ва қимматга тушади.
Бугун маданий меросни муҳофаза қилиш тушунчаси фақат девор, гумбаз ёки қадимий тепаликни асраш билан чекланмайди. Унинг илмий қийматини очиш, жамоатчиликка танитиш, туристик салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳам муҳим. Шу нуқтаи назардан қараганда, Жиззахдаги “Хонбанди” ёдгорлиги, “Култепа шаҳристони”, “Миқ қалъаси”, “Тўрткўл тепа” археология ёдгорликларини ЮНЕСКО нинг жаҳон рўйхатига киритиш бўйича маълумотларнинг Маданий мерос агентлигига тақдим этилгани эътиборга молик. Ҳозирча вилоятда Умумжаҳон маданий мероси ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлар мавжуд эмас. Демак, бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўп.
Маданий бойликларни асрашнинг яна бир муҳим жиҳати — уларнинг ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш. 2025 йилда “Қўшкент” чегара божхона постида аниқланган 5 дона буюм экспертизадан ўтказилиб, маданий бойликларга тааллуқли экани аниқланди. Уларнинг умумий қиймати 1.900.000 сўмни ташкил этган. Суд қарори билан ашёлар Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи фондига топширилди.
2026 йилда эса экспертизага тақдим этилган 84 дона, тахминий қиймати 24 090 000 сўмлик ашёлар маданий бойликларга тааллуқли ва бадиий, тарихий аҳамиятга эга экани аниқланди. Уларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ман этилди. Шунингдек, 17 дона ашёни олиб чиқиш учун сертификат талаб этилиши белгиланди. Ашёлар ҳам суд қарори билан музей фондига топширилди. Бу ҳолатлар бир ҳақиқатни эслатади: тарихий буюм музей витринасида тургандагина қадрли эмас. Унинг қадрини англаш ва унинг қонуний ҳимоясини таъминлаш — бутун жамиятнинг вазифаси.
Зиёратгоҳлар ва тарихий масканларни туризм нуқталарига айлантиришда ҳам шу мезон устувор бўлиши керак. 2026 йилда 4 та маданий мерос объектида таъмирлаш, реставрация ва тиклаш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун 5 миллиард 718 миллион 600 минг сўм маблағ молиялаштирилган бўлиб, 1 миллиард 261 миллион 900 минг сўмлик ишлар бажарилган. Хўжамушкент ота мажмуаси, “Қалиятепа” археология ёдгорлиги, Хайдарбек Абдужабборов музей биноси ва Саъд ибн Абу Ваққос мажмуа зиёратгоҳида ишлар давом этмоқда. “Пешағор ғори”да таъмирлаш тиклаш ишлари якунланган.
Ғаллаорол туманидаги “Саъд ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳини таъмирлаш, унинг туристик жозибадорлигини ошириш ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш учун 13 миллиард 361 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. “Пешагор ғори” атрофида ҳам йўлаклар, зинапоялар, ёритиш тизими ва санитария шохобчаларини яхшилаш кўзда тутилган.
Бироқ бу ерда бир нозик жиҳат бор: туризмни ривожлантириш баҳонасида тарихий муҳитга зарар етказиб қўймаслик керак. Обидани замонавийлаштириш мумкин, аммо унинг тарихий қиёфасини йўқотиш эвазига эмас. Демак, иқтисодий манфаат билан тарихий қадрият ўртасида нозик мувозанатни сақлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бу жиҳат музейлар фаолиятида ҳам кўринади. Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ва унинг 6 та филиалида 32 минг 494 дона ашё ва экспонат сақланмоқда. Шундан 551 донаси ноёб экспонатлардир. 2025 йилда музейларга 20 минг 407 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида 8667 нафар ташриф буюрди.
Музейлар бугун фақат экспонат сақланадиган сокин маскан бўлиб қолмаяпти. “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси доирасида 2026 йил учун 400 миллион сўм ажратилиб, I чоракда 170 миллион 300 минг сўмга 79 дона амалий санъат асари харид қилинди. Мирзачўл тумани ўлкашунослик музейи филиалида “Музей кафе”, Ҳамид Олимжон ва Зулфия филиалида эса совғалар дўкони ташкил этилди.
Шароф Рашидов номидаги халқаро жамоат фонди ва Италиянинг “Магистер Арт” компанияси ўртасидаги меморандум доирасида Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов мемориал музейини модернизация қилиш бўйича 3 миллиард сўмлик гранд ютиб олингани ҳам соҳадаги янгиланишлардан далолат. Музейда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, Шароф Рашидов ёдгорлик музейининг махсус вагони ҳам тўлиқ таъмирланди.
Шу билан бирга, эътибор ва амалий ёрдам кутаётган масалалар бор. Шароф Рашидов туманидаги Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейини таъмирлаш ва реставрация қилиш зарур. Жиззах шаҳридаги “Хўжа Нуриддин мадрасаси” архитектура ёдгорлиги том қисмидан чакка ўтиши эса нафақат обиданинг ўзига, балки унинг биринчи қаватида жойлашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи филиали экспонатларига ҳам хавф туғдирмоқда.
Тарих бизга катта мерос қолдирган. Энди навбат бизники — уни қандай ҳолда қабул қилган бўлсак, шундай ҳолда эмас, балки янада авайлаб асраб, англаб ва қадрлаб кейинги авлодга топширишимиз керак. Чунки обидалар тақдири аслида тарихга бўлган муносабатимизнинг ойнасидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари