Театр санъати: ютуқлар нимада, камчиликлар-чи?
27 март – Халқаро театр кун
Мамлакатимизда санъатнинг барча йўналишлари каби театр санъати ривожига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Одамлар театрга дам олиш билан бирга ўз дарду муаммоларини, ўзларини саҳнада кўриш учун боради. Бу қутлуғ даргоҳнинг тарбия, ибрат, маърифат маскани эканини жадид боболаримиз кўп марта эътироф этган эди. Айни пайтда миллий театр санъатимизнинг шаклланиши, ривожланиши учун ўзларининг бор билим ва салоҳиятларини, маблағи ва ҳаётларини бахшида этганлари тарихий манбалардан яхши маълум.
Бугун соҳага кўплаб ёш ва иқтидорли мутахассислар кириб келмоқда. Театр санъатининг равнақ топишига оид истиқболлар уларнинг фикрича қандай? Ютуқлар нималардан иборат? Камчиликлар қаерда? Соҳа ривожи йўлида қандай ишлар олиб борилмоқда?

ЎзА мухбири бу ҳақда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Магистратура бўлими бошлиғи, санъатшунослик бўйича фалсафа доктори (PhD) Барно Нурманова билан суҳбатлашди.
– Давлат театрлари тасарруфида академик, драма, ёшлар театри, ёш томошабинлар театри фаолият кўрсатаётгани ва давлат томонидан, умуман республикадаги барча театрлар Президентимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланаётгани таҳсинга лойиқ, – дейди Барно Нурманова. – Сўнгги йилларда тарихий мавзулардаги асарларга эътибор кучайди. Тарихий спектакллар театр ижодкорларига нафақат ижодий ўсиш, балки миллий ва жаҳон театр санъатини бойитиш имконини беради. Бу санъатнинг ижтимоий вазифасини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Халқаро ҳамкорлик масалалари йўлга қўйилди. Ёш режиссёрларнинг республика миқёсидаги театрларда тажриба алмашиши имконияти пайдо бўлди. Намуна даражасидаги спектаклларнинг халқаро фестивалларда иштироки таъминланди. Вилоят театрларини мамлакатимиз бўйлаб гастрол сафарлари режали амалга ошириб келинмоқда. Бу жараёнлар республикамизнинг ҳар бир театрида кузатилмоқда.
– Театр санъати тўғрисида сўз борганида камчиликлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Уларни бартараф этиш йўлини нималарда кўрасиз?
– Камчиликларга келадиган бўлсак, барча театрлар рақамли технологиялар ривожланганини инобатга олиб, техник жиҳатдан қайта жиҳозланиши керак. Вилоят мусиқали театрлари оркестр, хор, балет штатлари билан тўлдирилиши лозим.
Шу билан бирга, республикадаги қўғирчоқ театрлари болалар тасаввурини уйғотадиган мўжизалар содир қилиш учун техник имкониятга эга бўлиши керак. Театрларни, умуман саҳналарни ёритиш тизимини бошқарадиган мутахассислар махсус ўқитилиши лозим.
– Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида театрни равнақ топтириш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралда “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Миллий банк томонидан олийгоҳ битирувчиларининг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш бўйича “Келажакка қадам” дастурига старт берилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” маркази ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Тўртинчи босқич талабаларига амалиёт даврида уларни ишга оладиган ташкилотнинг кафолат хати ва шартномаси билан ёки мутахассислиги бўйича ишлаб турган талабаларга мазкур марказ томонидан талабаларга амалиёт даври учун пул тўлаб берилади.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бугунги кунда дуал таълим тизими йўлга қўйилиши учун чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бу борада Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ҳамда Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида институтнинг кафедралари қўшма ҳолда ташкил этилиш режалаштирилган. Яқин вақтлар ичида олий ўқув юртимиз “Мусиқали театр санъати” кафедрасининг Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театридаги “Лутфихоним Саримсоқова” номидаги филиали очилиши бўлиб ўтади.
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри саҳнасида театр етук ижодкорлари ва институт талабалари билан биргаликда спектакль саҳналаштириш режалаштирилган. Бу спектакль институтда актёрлик санъати йўналишида таҳсил оладиган талабалар учун амалий тажриба бўлади.
Мазкур келишув ёш мутахассисларнинг меҳнат бозорига муваффақиятли интеграциясини таъминлаш, уларнинг касбий ривожланишига кўмаклашиш ва иш берувчиларнинг малакали кадрлар билан таъминланишига хизмат қилади.
Бир сўз билан шуни айтиш керакки, бугун юртимиз театрлари давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборни ўз фаолиятида ҳис этиб, янги-янги асарларни саҳналаштирмоқда, изланмоқда, самарали ижод қилмоқда. Бу эса томошабинларга театрнинг нечоғли мафтункор, ибратли, қутлуғ маскан эканини теран англашга имкон бермоқда.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.