ТДТУ ва City University of Hong Kong ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Тошкент давлат техника университетида Гонконгнинг етакчи олий таълим муассасаси City University of Hong Kong делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида томонлар сунъий интеллект, рақамли трансформация, интеллектуал ишлаб чиқариш тизими, барқарор энергетика ҳамда юқори технологияга асосланган илмий тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Шунингдек, қўшма илмий лаборатория ташкил этиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш, икки дипломли таълим дастурини жорий қилиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда халқаро грант дастурларида ҳамкорликда иштирок этиш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув якунида Тошкент давлат техника университети ҳамда City University of Hong Kong ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат таълим, илм-фан, инновация ва академик алмашинув йўналишида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Маълумот ўрнида, City University of Hong Kong Осиё – Тинч океани минтақасидаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университет халқаро рейтингда юқори ўринларни эгаллаб, сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили (Data Science), муҳандислик ва энергетика соҳасидаги илмий тадқиқотлари билан кенг эътироф этилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА