GEF доирасида ИҲТ ва БМТ мутасаддиларининг учрашувлари ўтказилди
Самарқандда "Eco Expo Central Asia 2026" доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Атроф-муҳит бўйича 6-вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда ИҲТга аъзо давлатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Озарбайжон вакиллари иштирок этиб, экологик ҳамкорликни 12 йиллик танаффусдан сўнг қайта фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Мулоқот давомида минтақада иқлим ўзгариши, ерлар деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш, ўрмонларни барқарор бошқариш ҳамда қум-чанг бўронларининг олдини олиш чоралари кўриб чиқилди. Якунда минтақавий экологик шерикликнинг янги босқичини белгилаб берувчи ИҲТнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳадли дастури ҳамда Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
Шу билан бирга, Глобал экологик фонд Ассамблеяси доирасида Марказий Осиё атроф-муҳит вазирлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, Атроф-муҳит дастури бўйича ижрочи директори Ингер Андерсен учрашув ўтказди. Музокараларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари минтақавий экологик ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Мулоқот давомида ҳаво сифатини яхшилаш, қум ва чанг бўронларига қарши курашиш ҳамда ҳаво мониторинги бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Атроф-муҳит дастури билан биргаликда минтақавий дастур ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2025 йилдаги тажрибасига таянган ҳолда, бутун экологик тенденцияларни баҳоловчи ягона Марказий Осиё атроф-муҳит ўзгаришлари атласини яратиш таклиф этилди. Якунда томонлар Монреаль протоколи доирасидаги ҳамкорлик ҳамда минтақанинг БМТ тизимидаги нуфузини ошириш устувор вазифа эканини қатъий тасдиқладилар.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/imH0svgf9Mc?si=hM9YdSGnbj7d4Zde" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА