ТДТ: Бишкекда соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари қандай масалаларни муҳокама қилди?
Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг 6-йиғилиши ўтказилди.
Унда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Отабек Имамов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Шунингдек, учрашувда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари ҳамда ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев қатнашди.
Мулоқот давомида миллий соғлиқни сақлаш тизимлари барқарорлигини таъминлаш, соҳадаги умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш ва давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг мавжудлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, тиббиёт кадрлари салоҳиятини ошириш, соҳага рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда, шунингдек, ТДТга аъзо давлатлар ўртасида соғлиқни сақлаш йўналишида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг амалий йўналишларини янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди, – дейилади ССВ вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
М.Қосимова, ЎзА