Коррупцияга қарши курашиш: Асоссиз яширилган 771 та ҳужжат аниқланди
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида қандай имкониятлар яратилмоқда?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров шу саволга жавоб берди:
– ННТлар коррупцияга қарши курашишнинг муҳим иштирокчисига айланмоқда. Президент қарори билан уларнинг мазкур йўналишдаги лойиҳаларини грантлар ва ижтимоий буюртмалар орқали қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 10 миллиард сўм ажратиш белгиланган.
2026 йилнинг тўққиз ойида фуқаролик жамияти институтларининг 25 та лойиҳасига 6,3 миллиард сўм грант ажратилди. Бу 2025 йил давомида ажратилган 3,4 миллиард сўмдан қарийб 85 фоиз кўп.
Лойиҳалар маҳаллий бюджет устидан мониторинг ўрнатиш, журналистик суриштирув бўйича қўлланмалар тайёрлаш, ҳалоллик дарслари методологияси ва очиқликка оид рақамли платформани ишлаб чиқиш, қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда «Шаффоф маҳалла» концепциясини яратишга қаратилган.
ННТ вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш учун жорий йилнинг тўққиз ойида 20 га яқин амалий машғулот ва семинар-тренинг ўтказилиб, қарийб 400 нафар иштирокчи қамраб олинди. 2025 йилда бу кўрсаткич 135 нафарни ташкил этган.
Ўзбекистонда илк бор ННТ вакиллари БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси талаблари бажарилишини мониторинг қилди. Ушбу ташаббусни ривожлантириш учун суриштирув журналистикаси ва муқобил мониторинг йўналишида давлат ижтимоий буюртмалари эълон қилиниб, лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Агентлик ва «Ижтимоий фикр» маркази ҳамкорлигида коррупциянинг тарқалганлик даражаси ҳамда унга қарши курашиш самарадорлигини баҳолашга доир сўровлар ўтказилди. Уларда 14 ҳудуддан 1416 нафар респондент қатнашди.
Соҳадаги илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида 2021 - 2026 йилларда ҳимоя қилинган 40 та диссертация таҳлил қилинди. Уларнинг 6 таси фан доктори, 34 таси фалсафа доктори даражаси учун тайёрланган. Яна 22 та тадқиқот давом этмоқда. Тадқиқотларнинг 159 та натижаси амалиётга, жумладан, 109 таси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жорий этилган.
Агентлик ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамкорлигида Коррупцияга қарши курашиш виртуал академиясида ННТлар учун махсус курс ишлаб чиқилди. Ноябрдан бошланадиган курс иштирокчиларга ўз ҳудудидан чиқмасдан билим ва амалий кўникмаларини ошириш имконини беради. Курсни муваффақиятли якунлаганларга сертификат тақдим этилади.
Коррупцияга қарши ички назорат – комплаенс бўйича 736 нафар талабгорнинг назарий билимлари тест орқали баҳоланди. Улардан 526 нафари суҳбат босқичидан ўтказилди. Суҳбатлар тасдиқланган режа асосида давом этмоқда.
2026 йилнинг тўққиз ойида ҳокимликлар қабул қилган 128 минг 174 та ҳужжатнинг 71 фоизи очиқланган. Қолган 37 минг 315 таси ёпиқ мақомда қабул қилинган.
Мониторингда 771 та ҳужжат асоссиз яширилгани аниқланди. Агентликнинг 53 та тақдимномаси асосида уларнинг очиқланиши таъминланди. Хизмат текширувлари натижасида 3 нафар раҳбар ишдан бўшатилди, 2 нафарига ҳайфсан берилди, 96 нафари интизомий жавобгарлик ҳақида расман огоҳлантирилди.
Жорий йилнинг ўн ойида умумий қиймати қарийб 36,1 миллиард сўмлик 33 та давлат харидида қонунбузилиш аниқланди. Агентлик тақдимномалари асосида мазкур харидлар бекор қилинди.
Жумладан, «Ўзбекнефтгаз» буюртмачилигидаги 4,38 миллиард сўмлик 4 та, «Самарқанд инвест компанияси» акциядорлик жамиятининг бошланғич қиймати 3,7 миллиард сўмлик 2 та хариди бекор қилинди. Шунингдек, «Рақамли комплаенс» тизими орқали Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди буюртмачилигидаги 2,2 миллиард сўмлик харидда қонунбузилиш аниқланиб, унинг ҳам бекор қилиниши таъминланди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА