Тажриба, илмий ёндашув ва саломатлик уйғунлиги
Кимдир саломатлигини асрашда аждодлар тажрибасига таянади, яна кимдир замонавий тиббиёт имкониятларини афзал кўради. Аслида эса масала улардан бирини танлашда эмас, балки инсон саломатлиги учун қайси усул самарали, ишончли ва хавфсиз эканини аниқлашдадир.
Шу нуқтаи назардан, халқ табобати ва замонавий тиббиёт ўртасидаги муносабат долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Инсонлар асрлар давомида шаклланган табобат усулларидан фойдаланиб келаётган бир пайтда, замонавий тиббиёт илмий тадқиқотлар, янги технологиялар ва аниқ ташхислаш усуллари асосида ривожланмоқда. Бунда, албатта, бу икки йўналишни бир-бирига қарама-қарши қўйиш эмас, балки уларнинг имкониятларини тўғри баҳолаш муҳимдир.
Халқ табобати инсон саломатлигини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва айрим хасталиклар аломатларини енгиллаштиришга қаратилган кўп асрлик тажрибалар мажмуидир. Унда доривор ўсимликлар, табиий маҳсулотлар, парҳез ва соғлом турмуш тарзига оид усуллардан фойдаланиб келинган. Бу билимлар авлоддан авлодга ўтиб, халқнинг ҳаётий тажрибаси, табиат ҳақидаги тасаввурлари ва маданий мероси билан бойиб борган.
Доривор ўсимликлардан фойдаланиш халқ табобатининг кенг тарқалган йўналишларидан саналади. Турли ҳудудларда ялпиз, мойчечак, наъматак, зира, зирк каби ўсимликлардан дамлама ва қайнатмалар тайёрлаш анъанаси мавжуд. Уларнинг айримлари таркибидаги биологик фаол моддалар ва организмга таъсири илмий тадқиқотларда ҳам ўрганилмоқда. Бироқ халқ орасида кенг тарқалган ҳар қандай усулни самарали ва хавфсиз деб қабул қилиш тўғри эмас. Уларнинг таъсири, қўллаш меъёри ва эҳтимолий ножўя оқибатлари илмий жиҳатдан баҳоланиши лозим.
Замонавий тиббиётнинг асосий устунлиги ташхис қўйиш ва даволаш жараёнларининг илмий далилларга таянишидадир. Лаборатория ва инструментал текширувлар, клиник тадқиқотлар, янги дори воситалари ҳамда юқори технологияли муолажалар касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволашга хизмат қилмоқда. Шу боис халқ табобати усуллари замонавий тиббиётнинг ўрнини босувчи восита сифатида эмас, балки самарадорлиги ва хавфсизлиги тасдиқланган ҳолатларда қўшимча ёндашув сифатида кўриб чиқилиши керак.
Бунда бемор хавфсизлиги биринчи ўринда туриши шарт. «Табиий маҳсулот зарар қилмайди», деган қараш ҳар доим ҳам тўғри эмас. Айрим ўсимликлар аллергик реакциялар ва бошқа ножўя таъсирларни келтириб чиқариши, шунингдек, қабул қилинаётган дори воситалари билан салбий таъсирга киришиши мумкин. Ҳомиладор аёллар, болалар, кексалар ва сурункали касалликлари бор беморлар бундай воситалардан мутахассис маслаҳатисиз фойдаланмасликлари зарур.
Энг муҳими, халқ табобати усулларидан фойдаланиш жиддий касалликларни аниқлаш ва даволашни кечиктирмаслиги керак. Кучли оғриқ, юқори ҳарорат, нафас қисиши, қон кетиши ёки аҳволнинг кескин ёмонлашиши каби белгилар кузатилганда, ўзбошимчалик билан даволанишга уринмасдан, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш лозим. Бемор ўсимлик дамламалари, биологик фаол қўшимчалар ёки бошқа табиий воситалардан фойдаланаётган бўлса, бу ҳақда даволовчи шифокорга албатта маълум қилиши керак.
Анъанавий тиббиёт имкониятларини илмий асосда ўрганиш халқаро миқёсда ҳам эътибор марказида. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2025–2034 йилларга мўлжалланган анъанавий тиббиёт бўйича глобал стратегиясида ушбу йўналишни илмий далиллар асосида ривожлантириш, хавфсизлик ва сифат талабларини кучайтириш, миллий соғлиқни сақлаш тизимлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилган.
Мазкур ёндашув халқ табобатига оид билимларни шунчаки анъана сифатида сақлаш билан чекланмасдан, уларни замонавий илмий мезонлар асосида чуқур ўрганиш лозимлигини кўрсатади. Бу борада тиббиёт муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим ташкилотлари ҳамкорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Доривор ўсимликларнинг таркиби, таъсир механизми, самарадорлиги ва хавфсизлигини тадқиқ этиш улардан оқилона фойдаланишга йўл очади.
Хулоса қилиб айтганда, халқ табобати ва замонавий тиббиётни бир-бирига муқобил йўналишлар сифатида эмас, балки инсон саломатлиги манфаатларидан келиб чиқиб баҳолаш лозим. Аждодлар тажрибаси — қадрли мерос, замонавий тиббиёт эса илмий далиллар ва технологияларга таянган ишончли тизимдир. Уларнинг ўзаро уйғунлиги фақат илмий асосланган, самарадорлиги ва хавфсизлиги тасдиқланган усуллар орқали таъминланади. Зеро, ҳар қандай ёндашувнинг бош мезони — инсон ҳаёти, саломатлиги ва хавфсизлигидир.
Дилором Эргашева,
Гулистон давлат университети Клиник фанлар кафедраси катта ўқитувчиси
ЎзА