Инновациялар сари халқаро ҳамкорлик
Илм-фан бугун шунчаки билим ва кашфиётлар майдони эмас, балки келажакни ўзгартираётган улкан кучдир. Математика мураккаб жараёнларнинг ечимини топса, физика табиат қонунларини англашга йўл очади, сунъий интеллект эса инсон тафаккури ва имкониятларини янги босқичга олиб чиқади. Ушбу уч йўналишнинг ўзаро уйғунлиги илм-фан олдида янги уфқларни очиб, тараққиётнинг истиқболли йўналишларини белгилайди. Гулистон давлат университетида ўтказилган «Математика, физика ва сунъий интеллектнинг конвергенцияси: инновациялар ва янги парадигмалар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман айнан шу жараёнлар, янги илмий ёндашувлар ва халқаро ҳамкорлик истиқболларига бағишланди.
Университет Маданият саройида бўлиб ўтган анжуман турли мамлакатлар олимларини бир илмий майдонда жамлади. Унда Филиппин, Ҳиндистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонлик олимлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, докторантлар, магистрантлар ҳамда иқтидорли ёшлар иштирок этишди.

Тадбирнинг ялпи мажлисида Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов замонавий илм-фан тараққиётида фанлараро ҳамкорликнинг аҳамиятига тўхталди. Унинг таъкидлашича, математика ва физика соҳаларидаги илмий натижаларни сунъий интеллект имкониятлари билан бирлаштириш янги тадқиқотлар учун кенг йўл очади. Бу эса илмий ишланмаларнинг амалий аҳамиятини ошириш, инновацион ғояларни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Хорижий олимларнинг маърузалари анжуманнинг халқаро миқёси ва илмий йўналишларини янада бойитди. Жумладан, филиппинлик олим Борромео Жад Эндрю Асабадо рақамли қаторлар бўйича олиб борган математик тадқиқотлари билан ўртоқлашди. Ҳиндистонлик олим доктор Даниш Атҳер эса таълим ва илмий изланишларда сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратди. Ўзбекистонлик олимлар сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларни математик моделлаштириш, олий таълим тизимига сунъий интеллект технологияларини интеграция қилиш каби долзарб масалалар юзасидан маърузалар қилишди.

Анжуманнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, илмий мулоқотлар фақат ялпи мажлис билан чекланиб қолмади. Икки кун давом этадиган тадбир доирасида амалий математика ва замонавий математик моделлаштириш, физиканинг долзарб муаммолари, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, таълимда рақамли трансформация ва STEAM, киберхавфсизлик, робототехника ҳамда яшил технологияларга бағишланган шўъбалар фаолияти ҳам ташкил этилди.

Ушбу йўналишлардаги муҳокамаларда иштирокчилар ўз тадқиқотлари, илмий ишланмалари ва амалий тажрибалари билан ўртоқлашишди. Хусусан, сунъий интеллектни таълим ва илмий изланишларга татбиқ этиш, математик моделлаштириш орқали мавжуд муаммоларга ечим топиш, рақамли хавфсизликни таъминлаш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Зеро, бугун илм-фан олдида турган вазифалар биргина соҳа ёки мамлакат доирасида ҳал этиладиган масалалар эмас. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларга ечим топиш, таълим сифатини ошириш ва рақамли хавфсизликни таъминлаш каби йўналишларда замонавий илмий ёндашувлар ҳамда халқаро тажриба алмашинуви алоҳида аҳамиятга эга.

Шу маънода, анжуман доирасидаги муҳокамалар ҳам амалий аҳамиятга эга бўлди. Фанлараро интеграцияни кучайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар ва халқаро лойиҳаларни амалга ошириш, ёш олимларни илмий изланишларга кенг жалб этиш, тадқиқот натижаларини нуфузли халқаро нашрларда эълон қилиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш каби масалалар устувор вазифалар сифатида белгилаб олинди.
— Бугун математика, физика ва сунъий интеллектни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Ушбу йўналишларнинг ўзаро интеграцияси илм-фан олдида турган мураккаб вазифаларга янги ечимлар топиш, инновацион ғояларни ривожлантириш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш имконини беради. Анжуман доирасида маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида йўлга қўйилган илмий мулоқот ва тажриба алмашинуви келгусидаги қўшма тадқиқотлар учун мустаҳкам замин яратади, — дейди Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.

Дарҳақиқат, халқаро илмий ҳамкорликнинг қиймати фақат ўзаро фикр алмашиш билан белгиланмайди. Унинг ҳақиқий самараси янги тадқиқотлар, қўшма лойиҳалар, амалий ишланмалар ва илм-фан ютуқларининг ҳаётга татбиқ этилишида намоён бўлади.
Гулистон давлат университетида ташкил этилган мазкур анжуман ҳам ана шу мақсадлар йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири