Тахтиқорачада махсус хизматлар синовдан ўтказилди
Ургут туманидан ўтувчи “Тахтиқорача” довонида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳаракатларини бошқаришнинг давлат тизими (ФВДТ) ҳудудий хизматларининг махсус-тактик ўқув машқи бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, ўқув машқи бир нечта босқичда ўтказилган. Дастлабки босқичда довонда қор кўчкиси содир бўлганда, тегишли хизматларнинг куч-воситалари фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун йиғилиб уларнинг шайлиги саф кўриги орқали кўздан кечирилди. Шунингдек, қор кўчкиси содир бўлиш хавфи мавжуд ҳудудлардан аҳоли ва моддий бойликларини хавфсиз жойларга кўчириш ишлари амалда кўриб чиқилди.



Навбатдаги босқичларда қор кўчкиси оқибатида транспорт воситалари билан боғлиқ шартли равишда содир этилган авто-авариялар оқибатлари бартараф этилиб, қор кўчкиси остида қолган фуқароларни қидириш ҳамда қутқарув ишларини амалга ошириш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш машқ қилинди.



Бундан ташқари, ўқув машқи давомида довонда икки томонлама йўл ҳаракатини тиклаш, автомобиль йўлини қордан тозалаш, йўл қатнов қисмининг сирпанчиқ ва тик қияли ҳудудларига қум ва қум-туз аралашмасини сепиш, йўл белгиларини таъмирлаш ишлари, олиб борилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири