Тахиатошлик ёшлар Сурхондарёда
Қорақалпоғистон Республикасидан Сурхондарё вилоятига бириктирилган Тахиатош туманининг бир гуруҳ ёшлари Жарқўрғон туманидаги ҳарбий қисмда ташкил этилган “Жасорат мактаби”нинг ўн кунлик ўқув-йиғинида иштирок этиш учун Термиз шаҳрига келди.
Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ёшлар билан учрашиб, уларнинг таассуротлари, қизиқишлари ва келгусидаги режаларини тинглади.

Очиқ мулоқот чоғида шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиб, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш хусусида фикр алмашилди. “Жасорат мактаби” лойиҳасининг ёшлар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидланиб, бундай лойиҳалар ёшларнинг жисмоний ва маънавий-руҳий тайёргарлигини мустаҳкамлаши, Ватанга садоқат, жасорат ва масъулият туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашув якунида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тахиатошлик ёшлар вилоятдаги тарихий обидаларни зиёрат қилди. Музейларда бўлиб, қадимий воҳа тарихи ва ривожланиш босқичлари билан танишди.

Вилоятга Қорақалпоғистон Республикасидан бириктирилган тахиатошлик ёшлар ўн кун давомида Жарқўрғон туманидаги ҳарбий қисмда тинчлигимиз ҳимоячиларининг ҳаёт тарзи билан яқиндан танишиб, ҳарбий ва спорт машғулотларида, маънавий-маърифий ва бошқа қизиқарли тадбирларда иштирок этади. Жисмонан тобланиб, маънавий-руҳий дунёсини янада бойитади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири