Тасвирий ва амалий санъат ҳафталиги
Бу ижодий лойиҳа наинки нафис санъат соҳасида, балки мамлакатимиз маданий ҳаётида ҳам ғоят ўзига хос, бетакрор, қизиқарли, ёрқин ва амалий руҳга эга бўлган ҳафталиклардан саналади.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишланган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ташкил этилди.
14 йилдан буён ўтказилаётган мазкур ижодий лойиҳа давомида Ўзбекистон рассомлари, ихтисослаштирилган ўқув юртлари ўзларининг ютуқлари, ғоялари ва лойиҳаларини намойиш этиш учун қулай имкониятга эга бўлаяпти.
Ушбу санъат ҳафталиги Бадиий академия ташаббуси билан қатор вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
2021 йилда мазкур фестиваль ўз лойиҳаларини бироз ўзгача тарзда тақдим этмоқда. Хусусан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ижодий лойиҳалари тўғридан-тўғри таълим муассасаларининг ўзида намойиш қилинади.
Аввалги йилларда асосий эътибор бадиий таълим муассасаларининг турли бўлимлари ишларига йўналтирилган бўлса, фестивалда бу йил биринчи навбатда ёшлар лойиҳалари билан бирга кураторларнинг ва Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг ижодий ҳамкорликдаги ишлари тақдим этилади.
Шундай қилиб, Бадиий кўргазмалар дирекциясининг Марказий кўргазмалар залида узоқ кутилган “Самарқанд – Шарқ марвариди” вернисажи ҳамда Ўзбекистон рассомларининг рангтасвир, графика, амалий санъат асарлари кўргазмаси санъат ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотиши, шубҳасиз.
Тошкент Фотосуратлар уйида томошабинлар "Менинг шаҳрим" лойиҳасини томоша қилиши асносида унда икки ажойиб рассом Рустам Бозоров ҳамда Умар Ражабов ўзига хос кузатувчанликлари орқали бугунги замонавий Тошкент қиёфасини ва ўзгаришларни ўз палитралари ёрдамида очиб беради.
Фестиваль доирасида Ўзбекистон Бадиий академиясининг Ижодкор ёшлар билан ишлаш бўлими “Ижод ниҳоллари” (рангтасвир, графика) лойиҳасини тақдим этмоқда.
Икуо Хирояма Халқаро маданият карвон саройининг боғ қисмида Тошкент архитектура-қурилиш институтининг ўқитувчилари ва уларнинг талабалари томонидан замонавий ландшафт дизайни яратилади.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Ниёзали Холматовнинг “Шарқ сюитаси” шахсий кўргазмаси очилди. Унда марҳум ижодкор-устанинг миниатюраларидан ташқари ноёб заргарлик буюмлари ва эмалга ишланган асарлари ҳам намойиш этилади. Рассомнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг ишини оиласи, дўстлари ва талабалари давом эттириб келмоқда.
Анъанага кўра, Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги барча кўргазма заллари ва ўқув муассасалари ҳудудида маҳорат дарслари, анжуманлар ва турли тақдимот маросимлари ўтказилади.
Н.Усмонова, ЎзА