Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукнда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Буюк Британия. Ўзбекистоннинг Лондондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов Қозоғистоннинг Бирлашган Қиролликдаги элчиси Алибек Бакаев билан учрашди. Мулоқот давомида икки давлатнинг Буюк Британиядаги дипломатик ваколатхоналари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Япония. Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Токио шаҳридаги “Ҳанзомон” музейида “Tokyo Photo Month 2026” тадбири доирасида юртимизга бағишланган фотокўргазма намойиш этилмоқда. Япониядаги элчихонамиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Япония Сураткашлар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада мамлакатимизнинг 125 йиллик фотография тарихи, қадимий шаҳарлари, меъморий обидалари, бой маданий мероси ва халқ ҳаётини акс эттирувчи ноёб фотосуратлар намойиш этилмоқда. Кўргазма 27 сентябрга қадар давом этади.

Тошкент. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон ташқи ишлар вазири ўринбосари Самир Шарифовни қабул қилди. Учрашув давомида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси натижалари, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг жадал ривожланиши ҳамда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА