АҚШда «Миллат шавкати» китоби тақдимоти ўтказилди
Америка Қўшма Штатлари (АҚШ)нинг Филадельфия ва Нью-Йорк шаҳарларида сенатор, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Миллат шавкати” китоби тақдимоти ўтказилди.
Мазкур асарда мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар фақат иқтисодий ёки сиёсий жараён сифатида эмас, балки халқ тафаккури ва жамият онгидаги ўзгаришлар сифатида таҳлил қилинган. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва инсон ҳаётига кириб борган ислоҳотларнинг илдизлари, уларнинг шаклланиш жараёни ҳамда ҳаётий асослари аниқ далиллар асосида баён этилган.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари Абдусаид Кўчимов ва Ҳусан Эрматов, АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ватандошлар, талаба-ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

“Миллат Шавкати” китобида акс этган асосий ғоялар, энг аввало, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ҳамда ортга қайтмас ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишлангани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан ўтган ўн йилда Ўзбекистон халқи ҳаётида бевосита акс этган катта ютуқларга эришди. “Инсон қадри учун” тамойили асосида давлат идораларининг халққа хизмат қилиши яхшиланди. Мансабдор шахсларнинг аҳоли билан очиқ мулоқоти йўлга қўйилди. Камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Тақдимот давомида Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакат ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалда самара бераётгани эътироф этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА