Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукн орқали Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчилар томонидан иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Бирлашган Араб Амирликлари. Яқинда Рас ал-Хайма амирлиги Савдо-саноат палатасида (RAK Chamber) палата раиси Муҳаммад Ал Нуайми ва Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси Умид Шодиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзаро мулоқотда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш, бизнес доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Сингапур Республикаси. Жорий йил 23 июнь куни Сингапурда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Сингапур Республикаси ташқи ишлар вазири Вивиан Балакришнан ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доиралар алоқаларини ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, олий даражадаги мулоқотларни давом эттириш, 2027 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.

Туркия. Анқара шаҳрида Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари, элчи Беррис Экинжи хоним Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов билан учрашди.
Мулоқотда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил январь ойи охирида Туркияга расмий ташрифи ҳамда савдо ва сармояни ривожлантириш, ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, таълим ва одамлар алмашинувини кенгайтириш ҳар икки ҳукуматнинг устувор вазифалари сифатида белгиланган Ўзбекистон – Туркия олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилиши якунлари муҳокама қилинди.

Венгрия. Будапешт шаҳрида элчимиз Ойбек Шаҳавдинов Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги давлат котибаси Клара Бреуэр билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Франция. Париждаги Фавқулодда ва мухтор элчимиз Нодир Ғаниев ва “EdTech France” раҳбари Ауд Гёно хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистонда замонавий таълим талабларига мос илғор таълим технологиялари ҳамда сунъий интеллект асосидаги ўқув ечимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Женева. Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Элдиёр Тошматов “Марказий Осиё трансформация жараёнида: миллий ва минтақавий ривожланишнинг янги қараши” мавзусидаги давра суҳбатида нутқ сўзлади.
Тадбир “Bulan Institute for Peace Innovations” ва Женева дипломатия ва халқаро муносабатлар мактаби томонидан ташкил этилди. Йиғин давомида Марказий Осиёда кечаётган ижобий ўзгаришлар, минтақанинг тобора бирлашиб, халқаро майдонда фаол иштирок этаётгани алоҳида тилга олинди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА