Ўзбекистон Президенти АҚШ делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни Америка Қўшма Штатларининг Савдо вакили Жеймисон Грирни қабул қилди.
Учрашув аввалида вакил мамлакатимиз етакчисига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини, аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Яқинда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Америка бизнеси вакиллари билан ўтказилган давра суҳбатининг амалий натижалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида ҳамкорлик қилиш ва ушбу жараёнлар келгусида ҳам АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишига алоҳида эътибор қаратилди.

Янги лойиҳавий ташаббусларни аниқлаш ва илгари суриш учун Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши механизмидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.