Коррупция: нега айрим вазирлик ва идоралар йилдан-йилга қизил тоифага тушиб қоляпти?
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди. Кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади.
Зуҳра Мирғозиева,
депутат:
– Маълумки, Ўзбекистон бўйича коррупцияни қабул қилиш индекси тўққизта мустақил халқаро манбалар маълумотларига таяниб, шакллантирилади. 2025 йилги баҳолаш натижаларига кўра, ушбу манбаларнинг 8 таси Ўзбекистонни баҳолади ва ўтган йилга нисбатан ўзгаришсиз қолдирди, битта манба баҳоламади.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишларнинг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, мана шу баҳолашда иштирок этган 128 та давлат ташкилотларидан 10 таси қониқарсиз баҳоланди. Коррупцияга қарши кураш соҳасида олиб борилаётган шунча ишларга қарамасдан, айрим соҳалар, айрим вазирлик ва идоралар йилдан-йилга қизил тоифага тушиб қоляпти. Айтингчи, бу йўналишда агентлик аниқ манзилли йўл хариталари ишлаб чиққанми? Қизил тоифага тушиб қолаётган вазирлик ва идоралар билан ишлаш, умуман, мана шу рейтинг талабларига жавоб бермаётган идораларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича қандай чоралар белгиланган?
Акмал Бурҳонов,
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори:
– Миллий рейтингларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, тўртинчи йилдирки, биз коррупцияга қарши кураш самарадорлигини баҳолаш рейтинги, давлат идоралари ва ташкилотлар ҳамда очиқлик рейтингини юритиб борамиз. Яшил тоифада баҳоланганларнинг тажрибасини кенг тарғиб қилиш, уларни рағбатлантириш, сариқ тоифада баҳоланганларга амалий кўмак кўрсатиш, яшилга чиқаришга, қизил тоифада баҳоланганларни эса Коррупцияга қарши кураш миллий кенгашида уларнинг раҳбарлари ахборотини эшитиб, яхшилаш бўйича махсус, алоҳида чора-тадбирлар дастурини белгилаш кўзда тутилган. Мана шу индекс рейтинглари ўтган йилги билан солиштирилганда, яшил тоифадагилар кўпайган. Сариқ тоифадагилар яшилга чиққан, қизил тоифадагилар сариққа чиққанини кўришимиз мумкин. Яъни, яхшиланиш тенденцияси бор. Лекин айрим вазирлик ва идоралар борки, ҳали ҳам коррупцияга қарши кураш ишлари самарадорлиги етарли эмас. Мунтазам равишда қизил тоифада қолаётган вазирлик, идоралар ёки маҳаллий ҳокимликлар ҳам мавжуд. Бу бўйича чора-тадбирлар дастурини белгилаяпмиз. Шу билан бирга, биринчи раҳбар масъулиятини ошириш, жавобгарлигини белгилаш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз. Яъни, коррупцияга қарши кураш бўйича етарли чора кўрмаган вазирлик, идора раҳбарининг сиёсий жавобгарлигини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиляпти.
Муҳтарама Комилова, ЎзА