“Ташаббусли бюджетлаштириш” келгусида нималарни ваъда қилмоқда?
Жорий йилнинг 9-ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Aрманистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари ҳамда Россия Федерацияси экспертлари иштирокида “Ташаббусли бюджетлаштириш – давлат молиясининг инновацияси сифатида” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари — Ахадбек Хайдаров Ташаббусли бюджет амалиёти юзасидан мамлакатимизда эришилаётган натижалар, келгусидаги кутилаётган мақсад ва вазифалар юзасидан тўхталиб ўтди. Маълум қилинишича, Ташаббусли бюджет лойиҳаси учун ажратилаётган маблағлар миқдори 2030 йилга қадар уч бараваргача оширилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, тадбир давомида ташаббусли бюджетлаштиришни жорий этишнинг келгусидаги истиқболлари кўриб чиқилди ва бугунгача мазкур тизимнинг ижтимоий онгни ошириш, инклюзивлик, атроф-муҳит ҳолати, шаҳарсозлик ҳамда асосий хизматлар сифатига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди.
Сўнг фуқаролар давлат ва маҳаллий бошқарувига жалб этиш орқали, уларнинг бюджет жараёнларидаги иштирокини таъминлаш, шу билан биргаликда, турли ижтимоий гуруҳларни бюджетни режалаштириш жараёнига жалб қилишнинг инновацион ёндашувлари тилга олинди.

Россия Федерацияси Молия вазирлиги Илмий-тадқиқот молия институти (НИФИ)нинг Ташаббусли бюджетлаштириш маркази раҳбари ўринбосари —Дмитрий Шатохин эса тадбирда «Нафақа ва нафақа олди ёшидаги фуқаролар учун ташаббусли бюджет» мавзусида тақдимот қилди ва бевосита Россия тажрибаси билан бўлишди. Унинг таъкидлашича, бугун пенсия ёшидаги фуқаролар бюджет ташаббусларида иштирок этиш орқали жамият ҳаётига ҳисса қўшишлари мумкин.
Қайд этилишича, пенсия ёшидаги фуқаролар бюджет ташаббусларида иштирок этиш орқали жамият ҳаётига ҳисса қўшишлари мумкин бўлади. Тадбирда бунинг аҳамиятларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Сўнг ташаббусли бюджетлаштириш жараёни етакчилари ва иштирокчиларини ўқитиш, ташаббусли бюджетни қўллаб-қувватлаш учун технологик ва дастурий воситалардан фойдаланиш лозимлиги, уларнинг минтақавий даражадаги бюджет жараёнларидаги самарадорлиги, шаффофликни яхшилашга қўшган ҳиссаси борасида тўхталиб ўтилди.

Тадбир ниҳоясида иштирокчилар фуқаролар ҳамда бутун жамият манфаатларини кўзлаб, янада самарали молиявий бошқарувга эришиш учун халқаро ҳамкорликни давом эттириш, тажриба алмашиб туришга келишиб олдилар.

Давра суҳбати доирасида 10-ноябрь куни Тошкент вилоятига сайёр тадбир ташкил этилди. Иштирокчилар Қибрай тумани ва Чирчиқ шаҳрида бўлиб, жойларда амалга оширилаётган “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари билан танишдилар.
М.Эшмирзаева, ЎзА