Ташаббускор ёшлар олимпиадаси бошланди
Термиз шаҳридаги яккакураш спорт турларига ихтисослашган спорт мактабида “Беш ташаббус олимпиадаси” ва “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг жорий йилги мавсумига старт берилди.
Шу муносабат бўлиб ўтган тантанали маросимда Сурхондарё вилояти сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчи ёшлар, ўқувчилар иштирок этди. Шунингдек, ҳудудий студиялар орқали туманлардаги қатнашчилар ҳам тадбирни кузатиб турди.



Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов кейинги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ёшларни ҳар тарафлама соғлом камолга етказиш ҳамда мамлакатимиз шуҳратини дунёга кенг тараннум этишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ёшларга бу йилги спорт мусобақалари ва танловларда омад тилаб, “Беш ташаббус олимпиадаси” ва “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақаларининг вилоят босқичини очиқ, деб эълон қилди.



“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг ўтган йилги мавсумида сурхондарёлик ёшлар 15 та олтин, 17 та кумуш ва 7 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Беллашувларнинг мамлакат босқичларида ғолиб ва совриндор бўлган ёшлар маҳаллаларида 91 та спорт майдончаси қуриб берилди.
Тадбир якунида ҳарбийлар ва ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири