Ташаббусдан — амалий натижа
Бухоро вилояти Когон туманида маҳаллалар ички йўлларини таъмирлаш ва ободонлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йилги 1-мавсуми доирасида аҳоли ташаббуси асосида “Хўжа-Якшаба” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Найманча, Ўртакент ва Хўжа-Якшаба қишлоқларининг ички йўлларини асфальтлаштириш лойиҳаси амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида мазкур қишлоқлардаги жами 3,2 километр ички йўлга асфальт-бетон қопламаси ётқизилди. Қурилиш-монтаж ишлари “Зеро Старт Омад” МЧЖ томонидан белгиланган қурилиш меъёрлари ва техник талаблар асосида бажарилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 467 миллион сўмни ташкил этди. Янги йўл қопламасининг ётқизилиши натижасида маҳалла аҳолисининг кундалик ҳаракатланиши учун янада қулай шароит яратилди. Хусусан, марказий йўлларга чиқиш, ижтимоий объектлар, таълим муассасалари ва бошқа манзилларга қатнов енгиллашди.
[gallery-31821]
Эътиборлиси, мазкур лойиҳа аҳоли ташаббусининг амалий натижаси бўлди. Фуқаролар томонидан ҳудуддаги долзарб муаммони ҳал этиш бўйича илгари сурилган таклифнинг овоз бериш жараёнида қўллаб-қувватланиши уни амалга оширишга асос бўлди.
Когон туманида ички йўлларни таъмирлаш ва ободонлаштиришга қаратилган бундай лойиҳалар аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА