Ташаббус: шогирд устозларини байрам билан табриклади
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Қўлимизга илк бор қалам тутиб, хат-саводни ўргатган, меҳрини улашган муаллимларга доимо таъзимдамиз. Уларнинг сабоқлари, ўгитлари ҳаётда доимо асқотади, бизни тўғри йўлга бошлайди. Ҳа, ўқитувчилик шундай шарафли касбки, бир умр йўлимизни чароғон этади, қалбимизга илму урфон уруғини қадайди.
Фарғона вилояти Тошлоқ тумани халқ таълими бўлими мудири Абдумажид Солиев 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни яқинлашар экан илк сабоқ берган устозларини йўқлашни, уларнинг дуосини олишни унутмади. Фахрий ўқитувчиларнинг хонадонларида бўлди, уларга эзгу тилакларини билдирди.
Светлана Низомова 47 йил мактабда география фанидан юзлаб ўғил-қизларга таълим берди. Тўрт фарзандни тарбиялаб, камолга етказди. У ўз касбини севди, дарсга ҳеч қачон хиёнат қилмади. 81 ёшли онахон нафақага чиққан бўлсада, доимо эъзозда, собиқ ўқувчилари, маҳалла аҳли юксак қадрлайди. Опанинг ҳаётий тажрибаси кўпчиликка ибрат бўлиб келаётгани ҳам аслида машаққатли касбга садоқатининг намунасидир. У 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Туман халқ таълими бўлими мудири, собиқ ўқувчисининг байрам арафасидаги йўқлови фахрий ўқитувчини беҳад мамнун этди. Самимий тилаклар билдирилди, таълим соҳасидаги ислоҳотлар тилга олинди.
[gallery-4093]
– Ўқитувчиларга бугун эътибор катта, қани энди ёш бўлиб қолсаму бошқатдан ишласам, – дейди С.Низомова. – Биз ишлаган даврда жуда қийин эди. Ойлигимиз оз, дарсдан ташқари ишлар жуда кўп эди. Ёшлигимда Аббос ака деган география ўқитувчиси бўларди. Ҳамиша у кишининг маслаҳатини эшитардим, чунки шу фанга қизиқардим. Шу иштиёқ мени ўқитувчи касбига етаклаган. Ўқитувчиликнинг нонини ейиш машаққатли, шу билан биргаликда шарафли. Ўз устида ишлаган, китоб ўқиган муаллим албатта, мактабда қадр топади. Айниқса, эркак ўқитувчилар бор жойда таълим-тарбия яхши бўлади. Ҳозир ҳам кўчага чиқсам, дарс берган ўқувчиларим “ассалому алайкум” дея ҳурмат кўрсатади, миннатдорчилик билдиради. Бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА