Таржима китоби тақдимоти ўтказилди
Навоий давлат педагогика институтида Озарбайжон Миллий фанлар академияси Насимий номидаги Тилшунослик институти доценти Хадича Ҳайдарованинг ўзбек тилига таржима қилинган “Насимий тилида қўлланган ономастик бирликларнинг изоҳли луғати” номли китобининг тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 ноябрда Озарбайжон Республикасига қилган ташрифи доирасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари ижроси юзасидан Ўзбекистон-Озарбайжон давлатлари ўртасида таълим тизимини ривожлантириш бўйича илмий халқаро ҳамкорлик дастурлари амалга оширилмоқда.

Ушбу китоб таржимаси ҳам ана шу мақсадда амалга оширилаётган ишлар маҳсулидир.
Тақдимотда китоб муаллифи Хадича Ҳайдарова, институтнинг катта илмий ходими Севинч Сафарова, китоб таржимони Навоий давлат педагогика институти доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Гулсанам Норова иштирок этиб, Саййид Имодиддин Али Насимий шеърлари ҳамда улардаги ономастика мифологияси, антропология, топонимия, зоонимия, космонимия, этнонимия каби номларнинг гуруҳлаш шаклида ташкил этилганлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

– Ушбу китоб таржимаси Ўзбекистон - Озарбайжон таълим тизимидаги ҳамкорликни кучайтиради, – дейди китоб муаллифи Хадича Ҳайдарова. – Замонлар оша таржимага бўлган талаблар янгиланиб бормоқда. Аммо унинг ижодий характери, қайта яратиш санъати эканлиги ўзгармайди. Таржиманинг кўлами ва тараққиёти ҳар бир халқнинг маърифий даражасига боғлиқ ҳамда ўз навбатида, у миллатнинг ижтимоий тафаккурига самарали таъсир этади.

Шакли, тили ва мазмунидан қатъий назар, барча китоблар миллий ўзлигимиз ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилиши билан қимматлидир. Бу фикрлар китоб тақдимотида қайта-қайта тилга олинди. Айниқса, тадбирнинг 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун арафасида ўтказилганлиги янада аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири