Тарихнинг тирик гувоҳлари
Уруш бошланганида Анна жуда ёш эди. Оила даврасида уни мактабга бериш ҳақида кўп гапирилар, онаси эса қизчаси учун чиройли сумка тикиб қўйганди. Ҳаёт осойишта кечарди: отаси ҳар куни ишдан қайтар, онаси уй юмушларини қўшиқ хиргойи қилиб бажарар, болаларига ҳазил аралаш “отанг келса уруштираман” дерди. Кичкина Анна эса “уруш” дегани отасининг келиб, бошларини силаб, “онангизни хафа қилманглар”, дейиши деб тушунарди.
Аммо 1941 йилда бошланган Иккинчи жаҳон уруши унинг болалик тасаввурларини бир зумда ўзгартирди. Урушнинг асл башараси очлик, меҳнат ва айрилиқ эканини саккиз ёшли қизалоқ жуда эрта англади.

Бугун Учқудуқ тумани Айтим маҳалласида истиқомат қилаётган Анна Крвенюк 93 баҳорни қарши олди. 1933 йилда Россиянинг Олтой ўлкасида туғилган онахоннинг болалиги машъум уруш йилларига тўғри келди. У фронт ортида меҳнат қилди. Уйи олдидан ўтган темир йўлда юк ташиш ишларида қатнашиб, ғалаба учун ўз ҳиссасини қўшди. Болалигу навқирон йиллари мамлакатни тиклаш, халқнинг оғирини енгил қилиш билан ўтди.
Тақдир уни кейинчалик Учқудуқ шаҳрига бошлаб келди. Анна Ивановна узоқ йиллар НКМК тизимида ҳалол меҳнат қилди. Бир нафар фарзандни вояга етказди. Онахоннинг исми “дафтар”да ёлғиз деб ёзилган бўлиши мумкин, аммо у ёлғиз эмас. Бугун у ёлғиз яшаса-да, меҳр ва эътибордан четда эмас. Қўни-қўшнилар, собиқ ҳамкасблар, шогирдлари уни доимо йўқлаб туришади.

Кончилар ва металлургия саноати ходимлари куни арафасида ҳам онахон хонадони яна файзга тўлди. Собиқ ҳамкасблар ва ёш авлод вакиллари унинг ҳолидан хабар олишди. Бу эса инсон қадри, меҳнатга ҳурмат ва фахрийларга эътиборнинг ёрқин намунасидир.
– Бугунги кунда Учқудуқда комбинат тизимида меҳнат қилган уч мингга яқин фахрийни бирлаштирганмиз. Уларнинг ҳар биридан хабар оламиз, байрам тадбирлари ташкил этамиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Кончилик ва металлургия саноати фахрийлар кенгаши Навоий филиалининг Учқудуқ бўлими фаоли Маҳфуза Сайидхўжаева.

Дарҳақиқат, инсон учун яхши жойда меҳнат қилиш бахт бўлса, нафақага чиққанидан кейин ҳам ўша жамоанинг эътиборини ҳис этиши янада ёқимлидир. Шу муносабат билан Шимолий кон бошқармаси томонидан қатор хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар учун Самарқанд шаҳрига саёҳатлар уюштирилди, ўндан ортиқ онахон ва отахонларнинг юбилейлари нишонланди. Касаба уюшмалари билан ҳамкорликда юртимизнинг энг сўлим сиҳатгоҳларида дам олишлари учун йўлланмалар тақдим этилди.
Анна Ивановна каби инсонлар тарихнинг тирик гувоҳлари. Улар нафақат меҳнат, балки сабр, матонат ва ватанпарварлик тимсолидир. Уруш уларнинг болалигини ўғирлаган бўлса-да, инсоний меҳр ва ҳаётга ишончини тортиб ололмади. Бугунги тинч ва осойишта кунлар қадрини англаш учун ана шундай фидойи инсонларнинг ҳаёт йўлига бир назар ташлашнинг ўзи кифоя.
А. Бўриев, ЎзА мухбири