Тарихни достонларида етказаётган бахшилар
Март ойи мамлакатимизда “Миллий қадриятлар ойлиги” сифатида ўтказилмоқда. Унинг доирасидаги тадбирларда миллий анъана ва қадриятларимизнинг моҳияти, аҳамияти хусусида яна бир карра фикр юритиш, тарғиботини кучайтириш имкони яратилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда бахшичилик санъати ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда апрель ойида юртимизда ўтказилиши режалаштирилаётган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳам айни эътиборнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Шуни ҳам айтиш керакки, бундан роппа-роса 25 йил аввал, 2000 йил 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони асосида “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” унвони таъсис этилган эди.
Зеро, улғайиб келаётган ёшлар замонавий билимлар, илғор технологиялар, бир нечта хорижий тилларни эгаллаши билан бирга кимларнинг авлодлари эканини, ўз маънавий илдизларини, қандай бой ва бетакрор мероснинг эгаси эканликларини теран англаши, бу меросни авайлаши муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тадқиқотчиси, фольклоршунос Гулбаҳор Фозилова республикамиздаги бахшичилик йўналишидаги тадбирларда, Туркий давлатларнинг халқаро фестивалларида фаол иштирок этган. Унинг бахшичилик санъатига оид изланиш ва ижоди мамлакат ва халқаро миқёсда юқори баҳоланган, эътироф этилган. Гулбаҳор Фозилова билан бахшичилик санъати хусусида суҳбатлашдик.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда бахшичилик санъатига катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги тез ўзгарувчан, турли зарарли ғоялар ёшлар онгига гоҳида пинҳона, гоҳ ошкора сингдирилаётган мураккаб даврда бахшичилик санъатининг ўрни қандай?
– Ҳа, мамлакатимизда бошқа санъат турлари каби бахшичилик санъатига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз яшаб турган замин қадимий макон бўлиб, аждодларимиз томонидан энг қадимий санъат намуналаридан кенг фойдаланилган, инсониятнинг дастлабки мусиқий санъати бахшичилик ҳисобланади. Юрт кезиб йигитлар ва боболаримиз ўз руҳий оламидаги кечинмалари, армонлари, орзу-умидлари, турли жанглар хотираларини куйлаганлар, уларни бахшилар, деб аташган. Бахшилар достонлар, термалар, айтишувларни ёдда сақлаганлар. Ушбу қадрият номоддий мерос сифатида сулолаларга, шогирдларга ўтказилган. Бу анъана ҳозирга қадар сақланиб қолмоқда.

Тамаддунларни бирлаштирган бу қадимий санъат турига бугунги кунда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрда “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.
Юқоридаги ҳужжатлар асосида 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари I Халқаро Бахшичилик санъати фестивали Термиз шаҳрида, II Халқаро Бахшичилик санъати фестивали 2021 йил 17-20 сентябрь кунлари Нукусда, III Халқаро Бахшичилик санъати фестивали 2023 йил 6-8 май Гулистон шаҳрида ўтказилди. Бу тадбирларда халқ ижодиёти намояндалари, санъат ва маданият арбоблари, олимлар ва мутахассислар иштирок этди.
“Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорнинг эълон қилиниши ва шу қарор асосида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ва “Жаҳон бахшилик санъатининг ўрни” мавзусида халқаро илмий амалий конференциянинг ташкил этилгани келгусида соҳани илмий ўрганиш, муаммоларни аниқлаш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб бергани билан ажралиб туради. Бахшичилик соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида бахшичилик санъати давлат ансамблларини, ушбу санъат тури ривожланган бошқа ҳудудларда эса вилоят ансамблларини тузиш, тегишли ҳудудларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари қошида бахшичилик санъати синфларини ташкил этиш алоҳида вазифа қилиб белгилаб олинди. Бугунги кунда жойларда ушбу соҳада ўзига хос мактаблар яратилган ва фаолият олиб бормоқда.
Бахшичилик табиатан инсон руҳида ва қонида бўлади, таълим муассасаларида устозлар, педагоглар унинг ривожланишига ҳисса қўшадилар. Бахшилар куйлаган термалар ва достонлар ёш авлодни руҳан тарбиялашга, уларни кенг фикрлашга ундайди. Чунки, қадимий наво сифатида инсоният ривожи билан бирга келаётган бу санъат турида улкан маънавий куч бор. Бахшилар ўта катта иқтидор соҳиблари, қатор терма ва достонларни ёддан айтадилар, улар учун катта ансамбль бўлиши талаб этилмайди.
Бахши қўлига созини олар экан, аввало, у руҳий ҳолатга тушади, куйлаётган матнини ўзи созга солади, ижро йўлини мустақил танлайди, бор кучи ва билими билан кенг жамоатчилик олдида достон, термаларини соатлаб ижро этади.
– Бахшичилик санъатининг дунё мамлакатларида тарқалиши хусусида қандай фикрдасиз?
– Албатта, бахшичилик энг қадимий санъат тури сифатида инсоният учун хизмат қилиши керак, бу санъат дунё бўйлаб кенг тарқалиши керак. Айниқса, бу санъат – туркий дунёнинг қадимий мероси. Бугунги кунда Ер юзи аҳолисининг қарийб 15 фоизи туркий давлатларда яшайди ёки туркий тилларни таржимонсиз яхши тушунади. Бахшичиликнинг ўзига хос қирралари миллатимиз маънавиятини намоён этади. Шунинг учун бу санъат турини дунё бўйлаб тарғиб этиш муҳимдир.
Қўлига биттагина дўмбирани олиб, руҳий ҳолатга тушиб, нола ва оҳангларни танлаб, асарни ижро этиш камдан кам миллат вакилларига хос урф. Қадимдан безавол тарзда келаётган мана шу урф, қадрият биз киммиз, қандай аждодлар вакилимиз, бизнинг руҳий оламимиз қайси сифатлари билан ажралиб туради, ана шу масалаларни дунёга танитиш имконини беради.
Бугунги кунда давлатимизнинг халқаро ташкилотлар, минтақавий ташкилотлар ёки турдош (ўхшаш) тилли давлатлар уюшмаларига аъзолиги доирасида бу санъат турини кенг сингдиришимиз талаб этилади. Мамлакатимизда бу борада катта ҳаракатлар олиб борилаётгани диққатга сазовор.
Халқимизнинг миллий ўзлигини, қадимий тарихи ва тилини, унинг ҳаёт тарзи, анъана ва урф-одатларини ўзида мужассам этадиган, умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми сифатида тан олинган бахшичилик санъати атоқли бахши-шоирларимиз, фольклоршунос олимларимизнинг фидойи меҳнати, ижодий тафаккури билан достонларимиз, халқ термалари, лапарлар, айтишувлар ва бошқа номоддий неъматларимиз намуналари сақлаб келинмоқда.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси каталоги ёки энциклопедияси (World Heritage) – табиат ёки инсон томонидан яратилган алоҳида маданий, тарихий ва экологик аҳамиятга молик объектлар жамламаси бўлиб, уларни асраб-авайлаш, оммалаштириш ва келажак авлодларга етказишни мақсад қилади, бунга жиддий эътибор қаратилади.
2024 йил ҳолатига кўра Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига 1 минг 154 та объект киритилган бўлиб, уларнинг 897 таси маданий, 218 таси табиат, 39 таси аралаш объектлардир. Бу объектлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиат меросини муҳофаза қилиш Конвенциясини ратификация қилган 193 мамлакат ҳудудида жойлашган.
Бугунги кунда қатор фольклор-этнографик асарларимиз ва миллий маданиятимиз намуналари ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Жумладан, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси саъй-ҳаракати билан ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган бахшичилик санъати ҳам ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилди.
– Бахшичилик йўналишини илмий тадқиқ этиш билан бирга ўзингиз ҳам достон ва термаларни жўшиб ижро этгансиз, шу йўналишда ижод қиласиз. Умуман, аёл-қизларнинг ҳам бахшичилик санъати билан шуғулланишини қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?
– Бахшилар асосан эркаклардан иборат. Лекин ҳар қандай термаларда ва достонларда қизлар, аёллар, момоларнинг орзулари, соф ва беғубор туйғулари ҳам бор. Аёлларга хос қарашлар ва орзу-умидларни менимча, аёлларнинг ўзи куйласа, у тингловчига бошқача таъсир ўтказади. Айниқса, эркак ва аёл бахшилар айтишуви ижронинг самимийлигини таъминлайди. Мен шу йўналишда таълим олганим ва ёшларга дарс бериб келганим учун Хоразм йўлидаги қатор достонларни ёдладим.
Устоз ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отахон Матёқубовга шогирд тушиб, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанамнинг ёшлик” ҳамда “Оққан дарё оқар бегумон” достонларини ижро этдим, улар аудио ва видео шаклларда ёзиб олинди, телеканаллар орқали эфирга узатилди.
Келгусида бахшичилик санъати йўналишида бахшилар, оқинлар ва жиров ижрочиларининг республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш, Республика Бахшичилик санъати марказини бахши-шоирлар томонидан яратилган ва ижро этилаётган достон, терма, айтимларни сифатли ёзиб олиш ва тарғиб этиш учун зарур бўлган овоз ёзиш ҳамда замонавий видеотехника воситалари билан таъминлаш, фольклор асарларини аудио ва видео дискларга ёзиб олиш, кўпайтириш ва сотишни йўлга қўйиш, ахборот-коммуникация технологияларидан, телевидение ва интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали бахшичилик санъатини кенг тарғиб этиш муҳим вазифалардан бўлиб қолади, деб ҳисоблайман.
Айниқса, бахшичилик санъати йўналишида «устоз-шогирд» анъаналарининг сақланиши ва ривожланишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик асосида Ўзбекистон бахшилар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш республикамиздаги барча бахшиларни бир жойда тўплаш, улар ўртасида ижодий мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва санъатнинг ушбу турини дунё бўйича, тизимли тарғиб қилиш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари томонидан бугунги кунда республикамизнинг туркий дунёда бахшичилик санъатини кенг тарғиб қилиш, туркий тилли давлатлар бахшилари ўртасида ижодий мулоқот ўрнатиш, устоз бахшиларга муносиб ҳурмат кўрсатиш, бахшичилик намуналарини ёзиб олиш ва келажак авлодларга етказиш йўлидаги эзгу ва ибратли кенг қамровли ишлар алоҳида эътиборга молик.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.