Тарихий марра: 5 миллион тонна пахта ҳосили — ислоҳотлар ва сиёсий ирода ғалабаси
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида янги саҳифа очилди — мамлакатимизда пахта терими бўйича мисли кўрилмаган кўрсаткич, 5 миллион тонналик улкан марра забт этилди. Бу соҳа тарихида илгари кузатилмаган мутлақ рекорд натижадир.
Ушбу тарихий натижа тасодиф эмас, балки Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қишлоқ хўжалигини тубдан модернизация қилиш бўйича кўрсатилган мустаҳкам сиёсий ирода ва тизимли меҳнатнинг амалий маҳсули десак янглишмаган бўламиз.
Бу муваффақият ортида қандай ислоҳотлар ётибди?
Мажбурий меҳнатга тўлиқ чек қўйилиши: Қишлоқ хўжалигига бозор тамойилларининг кириб келиши ва теримчилар меҳнатининг муносиб рағбатлантирилиши инсон омилига бўлган ёндашувни буткул ўзгартирди. Жорий йилда ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машиналари ёрдамида 30–35 кунда йиғиб олингани қайд этилди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялаштириш даражаси 100 фоизга етказилди.
Кластер тизими самараси: Хомашё етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган занжирнинг тўлиқ йўлга қўйилиши далаларда унумдорликни кескин оширди.

Инновация ва сув тежовчи технологиялар:
Томчилатиб суғориш, замонавий техникалар ва фан ютуқларининг жорий этилиши ҳосилдорликни янги босқичга олиб чиқди. Илм-фан ютуқлари, янги биотехнологик навлар, экиш схемаларини такомиллаштириш, рақамлаштириш ва дронлардан фойдаланиш кенгайди. Замонавий ёндашувлар ҳосилдорликни ошириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Ерга бўлган янгича муносабат: Деҳқон ва фермерларнинг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги таъминланди, ернинг ҳақиқий эгаси шаклланди.
5 миллион тонналик довоннинг эгалланиши — юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг халқ фаровонлиги ва иқтисодий қудратга хизмат қилаётганининг ёрқин далилидир. Заҳматкаш деҳқон ва фермерларимиз, пахта-тўқимачилик кластерлари ходимларининг фидокорона меҳнати бугун ўз мевасини бермоқда.
ЎзА