Бизнес дахлсизлиги — иқтисодий юксалиш гарови: Тўсиқлар қандай бартараф этилмоқда?
Давлат идораларининг ноқонуний аралашувларидан тадбиркорларни ҳимоя қилишда Бизнес-омбудсманнинг ўрни беқиёс. Унинг фаолияти минглаб муаммоларни ҳал этиб, иқтисодий барқарорликка пойдевор бўлмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш фақатгина молиявий кўмак ёки солиқ имтиёзлари бериш билан чекланиб қолмай, балки уларнинг қонуний манфаатларини давлат идоралари ва назорат қилувчи органларнинг ноқонуний аралашувларидан ҳимоя қилишни ҳам талаб этади.
Бу борада мамлакатимизда ҳуқуқий институт — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман девони муҳим пойдевор вазифасини бажариб келмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида Бизнес-омбудсман девонига 10 минг 740 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Натижада 10 мингдан зиёд мурожаат кўриб чиқилиб, қарийб 48 фоиз ҳолатда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 3 500 дан ортиқ мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Хусусан, Наманган вилоятида фаолият юритувчи “К.О.” МЧЖ банк ҳисобварағидан ечиб олинган 110 миллион сўм маблағни қайтаришда амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди. Аниқланишича, “К.О.” МЧЖнинг банк ҳисобварағидан “П.С.Л.” МЧЖнинг солиқ қарздорлиги учун дебиторлик қарзини ундириш тартибида 110 миллион сўм маблағ ечиб олинган. Мазкур масала юзасидан Вакил девони томонидан Наманган вилояти солиқ бошқармасига тадбиркорнинг қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан тегишли сўров хати киритилди. Бизнес-омбудсман аралашуви натижасида 110 миллион сўм тадбиркорга тўлиқ қайтарилди.
Яна бир мисол сифатида келтирадиган бўлсак, Бизнес-омбудсман ёрдамида тадбиркорнинг 4 йиллик ер муаммоси ҳал этилди.
Жумладан, Тошкент вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркор амалий ёрдам сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди. Аниқланишича, «Ангрен» ЭИЗ иштирокчиси ҳисобланган «Л.» МЧЖ томонидан санитар керамик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва хомашё омборхонаси қуриш мақсадида Тошкент вилояти ЭИЗ ва КСЗ Маъмурий кенгашининг қарори ҳамда Оҳангарон тумани ҳокимининг 2020 йилдаги қарорига мувофиқ 0,20 гектар ер майдони ажратилган.
Тадбиркор ажратилган ерда омборхона қуриб, ундан амалда фойдаланиб келаётган бўлса-да, маҳаллий ҳокимлик томонидан ер ижара шартномаси тузиб берилмаган. Бунинг оқибатида тадбиркор ерга бўлган ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказа олмай, ҳужжатларни расмийлаштиришда тўсиқларга дуч келаётган эди. Бизнес-омбудсман аралашуви билан Оҳангарон тумани ҳокимлиги томонидан жамият ўртасида ер ижара шартномаси тузилиб, 4 йиллик муаммо ижобий ҳал этилди. Натижада тадбиркорнинг ерга бўлган ҳуқуқи қонуний мустаҳкамланди.
Шунингдек, ҳужжатларнинг тўлиқ расмийлаштирилиши корхонага ишлаб чиқаришни хавотирсиз кенгайтириш ва келгусида ушбу объектдан банк кредитлари ҳамда инвестицияларни жалб қилишда гаров таъминоти сифатида эркин фойдаланиш имконини берди.
–Сўнгги йилларда Бизнес-омбудсман идораси нафақат тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишловчи тузилма, балки уларнинг ҳуқуқларини тиклаш, давлат органларининг асоссиз қарорларини бекор қилиш ва сунъий бюрократик тўсиқларни бартараф этишда кескин ва амалий натижаларга эришувчи кучли ҳуқуқий қалқонга айланди, – дейди Бизнес-омбудсман мурожаатлар билан ишлаш шўъбаси мудири Гулжамол Шукурова. – «Ягона давлат назорати» ва «Тадбиркор виртуал офиси» каби рақамли тизимларнинг кенг жорий этилиши, назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган ноқонуний текширувларнинг олдини олиш ҳамда жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар тизими мазкур институт фаолиятининг нечоғли трансформация бўлганини кўрсатмоқда.
Хусусан, «Тадбиркор виртуал офиси» орқали қарийб 5 минг 900 та мурожаат доирасида 6 минг 700 дан ортиқ масала кўтарилган. Уларнинг 1 850 таси ижобий ҳал қилиниб, 4 мингга яқини бўйича ҳуқуқий кўмак кўрсатилган. Назорат тадбирлари ва таъсир чоралари натижасида 233 миллиард сўм тадбиркорлар фойдасига ундирилган, 76 та ноқонуний қарор бекор қилинган.
Шу билан бирга, хусусий боғчаларга кам тўланган субсидиялар тикланди. Ахборот тизимидаги нотўғри ҳудудий тасниф сабаб айрим болалар учун ойига 178 минг сўм ўрнига 125 минг сўм тўланган. Бизнес-омбудсман ташаббуси билан вазирлик ва ҳокимликлар маълумотларни тўғрилади. Натижада 2 240 нафар тарбияланувчи бўйича компенсация белгиланган миқдорга етказилди: хусусий боғчалар энди ҳар ой қўшимча 130,8 миллион сўм олади.
Шунингдек, Наманган вилояти ҳокимининг бозорлар ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлардан икки турдаги йиғим ундириш бўйича қарори бекор қилиниб, битта йиғим жорий қилинди ҳамда 38 та деҳқон бозорида фаолият юритаётган 7 000 дан ортиқ тадбиркорга енгиллик яратилиб, сотиш харажатлари қисқартирилди.
Хусусий секторнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш — нафақат алоҳида олинган тадбиркорнинг манфаати, балки бутун мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги ва халқ фаровонлигининг бош гарови. Бу борада Бизнес-омбудсман институти ўтган давр мобайнида давлат идоралари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги мулоқотни мувофиқлаштирувчи, қонун устуворлигини амалда таъминловчи энг ишончли ва таъсирчан тузилмага айланганини исботлади. Вакил девони томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар, жумладан, миллиардлаб сўмлик ноқонуний қарздорликларнинг бекор қилиниши, асоссиз текширувларнинг олди олиниши ва бизнес муҳитини рақамлаштириш йўлидаги ислоҳотлар юртимизда тадбиркорнинг мулки ва ҳуқуқи дахлсиз эканини яққол намоён этмоқда.
Келажакда иқтисодий ўсиш суръатларини янада жадаллаштириш ва хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга бўлган ишончини мустаҳкамлашда Бизнес-омбудсманнинг роли янада ортиб бориши шубҳасиз. Зеро, давлат органларининг бизнес фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувига чек қўйилиши, бюрократик тўсиқларнинг бартараф этилиши ва «Тадбиркор виртуал офиси» каби очиқ платформаларнинг ривожланиши Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан эркин ва қулай ҳудудга айлантиришга хизмат қилади. Тадбиркорнинг ҳуқуқий қалқони мустаҳкам экан, юртимизда иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий юксалиш давом этаверади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА