Тарихий адолат: қатағон қурбонлари оқланмоқда
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги тантаналари шукуҳи ҳамон юртимизда кезиб юрибди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, истиқлол, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни ва унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Бу бебаҳо неъматга етишиш йўлида минглаб аждодларимиз жонини фидо қилган. Муҳтарам Президентимиз байрамга бағишланган асосий тантанадаги сўзларини ҳам эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз хотирасига таъзим бажо келтиришдан бошлаганлари бежиз эмас. Бугун инсон қадрини улуғлаш ғоясини рўёбга чиқариш давлатимизнинг олий мақсадига айланган бўлса, унинг ҳал қилувчи омилларидан бири халқимизнинг тарихий хотирасини тиклаш ва шаҳид кетган аждодларимизнинг покиза номларини абадийлаштиришдир.
Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда. Қатъий сиёсий ирода туфайли яқин ўтмишни тадқиқ ва талқин қилишда холислик ҳамда адолат таъминланмоқда. Айниқса, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга доир Фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Биргина мисол: кейинги беш йилда Бош прокуратура томонидан 1920–1950 йилларда сиёсий қатағонлар қурбони бўлган қарийб 1 минг 400 нафар шахсни оқлаш юзасидан Олий судга протестлар киритилди.
Оқланганлар орасида Туркистон истиқлолчилик ҳаракати тарихида муҳим из қолдирган Иброҳим Чакабаев (Лақай), миллий ва маърифий ҳаётимизда фаол бўлган Носирхонтўра Саййид Камолхонтўра ўғли ҳамда Муфти Садриддинхон Шарифхўжаев каби таниқли шахслар бор. Шунингдек, Ўзбекистон Олий судининг биринчи раиси Саъдулла Қосимов ҳамда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган Бадриддин Шарипов каби давлат ва ҳуқуқ соҳаси вакилларининг оқланиши совет давридаги сиёсий қатағонлар тарихини чуқур ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади. Архив ҳужжатлари шуни кўрсатадики, ўлимга ҳукм қилинганларнинг айби судда исботланмаган, уларга сохта гувоҳлар асосида ва ҳатто таржимонсиз, бошқа тилларда сохта айбловлар қўйилган.
Шўролар қатағонининг даҳшатли даврида прокуратура тизими ходимлари ҳам оғир мусибатларга дучор бўлди. Ноҳақликларга қарши борган маҳаллий ходимларнинг қарийб 200 нафарига жиноят иши қўзғатилган, 30 нафари эса отиб ташланган. Улар орасида 1920–1924 йилларда Бухоро Халқ Совет Республикаси адлия халқ нозири ва республика прокурори бўлиб ишлаган, суд тизимини ислоҳ қилган ва илк киностудия ҳамда ҳаво қатновини йўлга қўйган Абдураҳим Юсуфзода, шунингдек, 1916 йилги Жиззах қўзғолони қатнашчиларидан 30 дан ортиғини ўлимдан сақлаб қолган ва етук асарлар яратган прокурор Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода каби фидойи инсонлар бор эди.
Бугунги кунда қатағонга учраган тизим ходимларининг хотирасини абадийлаштириш бўйича махсус “йўл харитаси” асосида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бош прокуратура томонидан Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда “Тарихий хотира беқиёс” номли 2 жилдлик китоб нашр этилди, музейда алоҳида бурчак ташкил қилинди ва марҳумларнинг оила аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш, номларини кўча ва мактабларга бериш ишлари олиб борилмоқда. Бир бегуноҳни оқлаш — шунчаки ўтмишни қайта ёзиш эмас, балки инсон қадр-қимматини тиклаш ва жамиятда адолат мезонларини мустаҳкамлашдир. Оқланган ҳар бир инсон тарихнинг тикланган саҳифаси, бутун жамиятимизнинг тарихий адолати тантанасидир.
Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори