Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!” номли маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Нукус ҳарбий прокуратураси ходимлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, олимлар, ёзувчи-шоирлар, ўқувчи-ёшлар, ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

1 декабрь – Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлигининг 33 йиллик байрамида сўзга чиққанлар қорақалпоқ тили тарихи, шаклланиш босқичлари, ҳуқуқий асослари хусусида гапирди.

Тадбирда қорақалпоқ тили, маданияти ва тарихига юксак эҳтиром кўрсатилди. Ҳарбий оркестр жамоасининг куй-қўшиқлари, Ички ишлар вазирлиги Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи, Нукус шаҳридаги Президент мактаби ҳамда 44-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларининг қорақалпоқ тилига бағишланган бадиий чиқишлари тадбирнинг жўшқин кайфиятда ўтишини таъминлади.
Маълумот учун, 1989 йил 1 декабрь куни қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА