Тарих яна кун тартибида: Варшава ва Киев ўртаси совийдими?
Польша ва Украина ўртасида сўнгги йилларда шаклланган яқин ҳамкорлик кутилмаган сиёсий баҳс билан юзма-юз келди. Икки мамлакатни бирлаштириб турган хавфсизлик ва минтақавий барқарорлик асносида тарихий хотирага оид қарор янги тортишувга сабаб бўлди. Мутахассислар бу вазиятни дипломатик инқироз дея баҳоламаса-да, муносабатнинг сезиларли даражада совуши сифатида кўряпти. Айниқса, баҳс давлат мукофоти даражасигача чиққанини кўпчилик рамзий воқеа сифатида қабул қилмоқда.
Можарога Президент Владимир Зеленскийнинг махсус ҳарбий бўлинмага “Украина қўзғолончи армияси қаҳрамонлари” номини бериш ҳақидаги қарори туртки бўлди. Мазкур тузилма айрим украинлар томонидан мустақиллик учун кураш рамзи сифатида кўрилса, Польшада у “Волин” фожиаси билан боғланади. Волин фожиаси – Иккинчи жаҳон уруши йилларида минглаб поляк ҳалок бўлган қонли воқеадир. Шу боис расмий Варшава мазкур қарорни оғриқли тарихий саҳифани инобатга олмаслик сифатида баҳолади.
Хуллас, Польша раҳбари Кароль Навроцкий Зеленскийни мамлакатнинг энг юқори давлат мукофоти – “Оқ бургут” орденидан маҳрум қилди. Бу давлат олдидаги алоҳида хизмати учун бериладиган энг нуфузли соврин ҳисобланади. Киев мазкур қарорни салбий қабул қилди ва давлат раҳбари орденни қайтариб юборишини маълум қилди. У мукофотни аввало мамлакат ҳимоячилари ва халққа кўрсатилган ҳурмат рамзи сифатида қабул қилганини таъкидлади.
Мавзуга қатор юқори мартабали амалдорлар ҳам муносабат билдирди. Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ҳамда бошқа расмийлар аввалроқ олган поляк мукофотларидан воз кечишга қарор қилди. Кейинроқ собиқ Президентлар Леонид Кучма, Виктор Ющенко ва Пётр Порошенко ҳам шунга ўхшаш қадам ташлади. Улар бу ҳаракат Польша халқига қарши эмаслиги, балки юзага келган вазиятга нисбатан сиёсий муносабат эканини қайд этган.
Кузатувчилар фикрича, баҳснинг энг нозик жиҳати вақт билан боғлиқ. Зеро, Польша 2022 йилдан буён қўшни мамлакатни қўллаб-қувватлаётган асосий давлатлардан бири. Миллионлаб қочқинларни қабул қилиш, ҳарбий ва гуманитар ёрдам етказишда Варшаванинг ўрни беқиёс. Шу боис кўплаб сиёсатчилар тарихий келишмовчилик бугунги стратегик шерикликка соя солмаслиги кераклигини таъкидламоқда. Яъни, “икки халқ учун муҳим масала ўтмиш ҳақида баҳслашиш эмас, балки умумий хавф-хатар қаршисида ҳамжиҳатликни сақлаб қолиш”дир.
Мусулмон Зиё, ЎзА