АҚШ–Эрон музокараларида силжиш кузатилмоқда (+видео)
Швейцарияда ўтказилаётган АҚШ ва Эрон ўртасидаги юқори даражадаги музокаралар кутилганидан узоқроқ давом этиб, душанбага ўтар кечаси якунланди. Воситачилик қилаётган Қатар ва Покистон томонлар ўртасида силжиш кузатилганини маълум қилди, деб хабар қилди ВВС нашри.
Қатар ва Покистоннинг қўшма баёнотида таъкидланишича, музокараларда иштирок этган қўмита 60 кун ичида якуний тинчлик келишувига эришиш учун махсус «йўл харитаси»ни тасдиқлаган. Шунингдек, бу ҳафта техник даражадаги музокаралар ҳам давом эттирилади.
АҚШ делегацияси таркибида вице-президент Жей Ди Вэнс, президент Дональд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ҳамда Жаред Кушнер иштирок этди. Эрон томонидан парламент раиси Муҳаммад Бағир Ғолибоф ва ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий қатнашди.
Музокаралар Ливандаги вазият кескинлашган бир пайтда ўтмоқда. Теҳрон Исроилнинг Ливандаги зарбаларини АҚШ ва Эрон раҳбарлари ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумини бузиш деб баҳоламоқда.
Дональд Трамп Эронни Ливандаги иттифоқчи кучларига таъсир ўтказиб, тартибсизликларни тўхтатишга чақирди. У акс ҳолда Эронга қарши янада қаттиқ зарба берилиши мумкинлигини таъкидлади.
Бунга жавобан Эрон парламенти раиси Муҳаммад Бағир Ғолибоф Вашингтоннинг таҳдидларини рад этиб, уларнинг Эрон сиёсатига таъсир қилмаслигини билдирди.
Музокаралар бошланишидан олдин Жей Ди Вэнс ядровий дастур ва Ливанда ўт очишни тўхтатиш масалаларида сезиларли натижаларга эришиш мумкинлигига умид билдирган эди. Унинг айтишича, асосий мақсад — минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш.
Айни пайтда Ливанда ҳам вазият мураккаблигича қолмоқда. Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганига қарамай, шанба куни яна ўзаро ҳужумлар қайд этилди. Ҳар икки томон келишувга содиқлигини билдирган бўлса-да, зарурат туғилганда жавоб қайтариш ҳуқуқини сақлаб қолишини таъкидламоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EcH5Mt5csTk" title="AQSh–Eron muzokaralarida siljish kuzatilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА