Тарих силсиласида ёди ўчмас шахслар...
Миллат равнақига ҳисса қўшган забардаст инсонлар авлодлар онгу шуурида, шогирдларнинг хотирасида абадий яшайверади. Мажидхон Баҳодиров ҳам мана шундай инсонлардан эди. 1903 йил февраль ойида кўҳна Шошнинг "Ҳастиимом" маҳалласида, Туркистонда кўзга кўринган уламо Имом Муҳаммадхон ўғли Баҳодирхон махдум оиласида дунёга келганлар. Баҳодирхон махдум ҳазратлари Тошкентдаги «Бекларбеги» мадрасасида бош мударрис бўлиб фаолият кўрсатган.
Мажидхон Баҳодиров отасидан ажралиб қолганида 6 ёшга тўлган норасида эди. Бироқ падари бузрукворидан олган ўгитлар, таълим ва тарбия умрининг охирига қадар у учун ўчмас маёқ бўлиб хизмат қилди. Олган билимларини чархлаб, мукаммалаштириб, замонасининг чинакам маърифатпарвар ўғлони бўлиб вояга етди.
У етимликдаги оғир синовлар ва машаққатларни метин ирода ва чексиз қаноати ва ҳиммати билан енгиб ўтди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор бўлиб етишди.
Албатта, табиатан билим олишга чанқоқ бўлган Мажидхон Баҳодиров фақат шу иш билан чекланиб қолмади. Кейинчалик у киши олий таълим олиш мақсадида Ўрта Осиё қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга кирди ва ёшларга таълим беришда ҳам давом этди.

У биринчи рус-ўзбек тупроқшунослик луғатини тузади, қишлоқ хўжалиги техникумлари учун ўзбек тилидаги илк «Тупроқшунослик» дарслигини яратадилар, умуман олганда, ернинг шўрланиши, ғўза агротехникаси ва мелиорацияси, пахтачилик, тутчилик истиқболлари, ер хариталарини тузиш ва бошқа шу каби йўналишларда жами 40 дан ортиқ фундаментал илмий асарлар ёзиб қолдирди.
Бундан ташқари, ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетнинг Шарқ факультетида араб тили кафедрасини ташкил этишда иштирок этиб, «Араб филологиясига кириш» ва «Арабча хрестоматия» ўқув қўлланмаларини тузади, бир қатор олийгоҳларда, Ташқи ишлар вазирлигида араб тилидан дарс беради. Унинг шогирдлари кейинчалик етук олим ва дипломатлар бўлиб етишиб, илм-фан ва сиёсат соҳасида улкан муваффақиятларни қўлга киритишган.
Шунингдек, у фусункор Фарғона водийси ерларини ўрганиш бўйича ташкиллаштирилган экспедицияларда, Салар ГЭСи ва Тошкент канали қурилишида жонбозлик кўрсатганини эътироф этиш жоиз.
Илм-фанга ва мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссаси, изланишлари туфайли у 1948 йилда доцент, 1971 йилда Тупроқшунослик кафедраси профессори илмий унвони соҳиби бўлади, «Ҳурмат белгиси» ордени, «Шавкатли меҳнати учун» медали, «Қишлоқ хўжалиги аълочиси» эсдалик нишони, ҳукуматнинг кўплаб фахрий ёрлиқлари ҳамда бошқа давлат мукофотлари билан тақдирланди. 1973 йилда кўп йиллик самарали меҳнатлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвонига сазовор бўлади.
Ҳозирда Тошкент давлат Аграр университетининг тупроқшунослик кафедраси талабалари учун Профессор Мажидхон Баҳодиров номидаги махсус стипендия таъсис этилган ва Тупроқшунослик кафедрасининг маъруза хоналаридан бирига ҳамда пойтахтимиздаги нурафшон кўчалардан бирига унинг номи берилди.
Мажидхон Баҳодиров таваллудига 120 йил тўлди. Тарих силсиласида бундай шахслар ёди ҳеч қачон ўчмайди.
Рифатхон Баҳодиров